Хитойда «минг йилда бир келувчи» ёмғирлар туфайли сув тошқинлари. Метро сувга тўлди, 25 киши ҳалок бўлган
Марказий Хитойда кучли ёмғирлар сув тошқинлари келтириб чиқарди. Жэнгжоу шаҳрида метро сув остида қолди. Вагонларга сув киргач, йўловчилар бўғилиб ўлмаслик учун ўриндиқларга чиқиб олиб тик туришган.
Хитой марказидаги Ҳэнан провинциясининг катта қисмида сўнгги кунларда ёғган ёмғирлар туфайли сув тошқинлари юзага келди.
17 июль куни кечқурундан 20 июлгача провинция маъмурий маркази Жэнгжоуга 617,1 миллиметр ҳажмда ёғингарчилик тушди, ўртача йиллик кўрсаткич эса — 640,8 миллиметр. Хитой нашрлари метеорологларга асосланган ҳолда, уч кунда бундай ҳажмдаги ёғин ёғиши «минг йилда бир кузатилиши» ҳақида ёзишган. Қайд этилишича, Жэнгжоуда кунлик ва соатлик ёғин миқдорлари бўйича тарихий максимумлар қайд этилган.
20 июль куни Жэнгжоудаги метронинг беш линияси сувга тўлган, сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 25 нафарни ташкил этмоқда. Ижтимоий тармоқларда метрода олинган видеолар тарқалган, видеотасвирларда одамлар вагонда кўкрагигача лойқа сувда турганини кўриш мумкин.
Қутқарув ишларига ўт ўчирувчилардан ташқари армия ҳам жалб этилди. Метродан 500га яқин киши қутқариб олинган. Қутқарувчилар йўловчиларни сувга тўлган туннеллар орқали эвакуация қилишган.
Кучли ёмғирлар Ҳэнан провинциясидаги дарёларда сув сатҳи кўтарилишига олиб келган. Сув тошқинлари туфайли кўплаб автомагистраллар ёпилган, поездлар ҳаракати тўхтатилган, авиарейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган.
Кўплаб шаҳарларда йўллар сув остида қолган, автомобиллар сувда оқмоқда. Жэнгжоу ғарбидаги сув тўғонида 20 метрлик ёриқ пайдо бўлган, расмийлар ушбу тўғон бутунлай бузилиб кетишидан хавотир олишмоқда. 12 миллион киши яшайдиган Жэнгжоудан камида 100 минг киши эвакуация қилинган. Ҳэнан провинциясида кучли ёмғирлар яна уч кун давом этиши прогноз қилинган ва вазият янада оғирлашиши кутилмоқда.
- Сўнгги кунларда сайёранинг турли нуқталарида экстремал об-ҳаво шароитлари кузатилмоқда. Европада кучли сув тошқинлари рўй бериши оқибатида Германия ва Бельгияда 200га яқин киши ҳалок бўлди. Ёқутистонда ўрмон ёнғинлари 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонни қамраб олган, 100га яқин киши жароҳатланган. АҚШ ғарбидаги 13 штат ва Канадада ҳам ўрмон ёнғинлари авж олган.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024