16:04 / 23.07.2021
42477

Кутил(ма)ган меҳмонлар: Тошкентда нега Ҳиндистон ва Покистон фуқаролари кўпайиб кетди?

Айни кунларда пойтахт кўчаларига чиққанлар албатта ўзига хос либосларда кезиб юрган, кўринишидан ҳиндистонликларни эслатувчи меҳмонларга кўзи тушади. Хўш, улар кимлар ва Тошкентда нима қилишмоқда?

Фото: Dreamstime

Аввало бир нарсани таъкидлашимиз лозим – Ўзбекистон меҳмонлар, сайёҳлар учун очиқ давлат. Яхши ниятда бўлган, амалдаги қонунларни ҳурмат қилган ҳар бир хорижлик бемалол келиб-кетиши, маълум муддат яшаши мумкин. Бугунги қаҳрамонларимизни ҳам ёппасига нимададир айблаш фикридан йироқмиз. Аммо улар сонининг бирданига кўпайиб кетиши эътиборни жалб қилмай қолмайди.

Ҳиндистон ва Покистон фуқароларида тўсатдан Ўзбекистонга қизиқиш пайдо бўлганига ишониш, улар бой тарихимизни ўрганишга, меҳмондўст халқимиз билан танишишга келди, деб ҳисоблаш энг камида соддалик бўлар эди. Бу тоифа меҳмонлар бир неча мақсадларни кўзлаганини тахмин қилиш мумкин:

1. Ўзбекистон, хусусан Тошкент ҳиндистонликлар ва покистонликларга транзит ҳудуд вазифасини ўтаб беряпти. Маълумки, уларнинг энг кўп тўпланган ҳудуди Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони каби ўзига тўқ араб давлатлари ҳисобланади. Нисбатан арзон ишчи кучи сифатида қаралувчи бу инсонлар араб давлатларида миллионлаб ишлашади. Аммо коронавирус пандемияси вазиятни буткул ўзгартириб юборди. Айниқса Ҳиндистондаги мураккаб вазият қатор давлатларга бу давлат билан тўғридан-тўғри алоқаларни тўхтатишга мажбур қилди. Ўзбекистон эса ҳозирча ўз дарвозаларини ёпгани йўқ. Бу давлатлар фуқаролари тест топширадилар, учиб келадилар ва бу ерда карантин муддатини ўтайдилар. Шундан сўнг кўзлаган манзиллари (асосан БАА) сари йўл оладилар;

2. “Кирди-чиқди” услубини қўллаш. Маълумки, кўп давлатлар гастарбайтерлардан белгиланган муддат якунига етгач ўз ҳудудини тарк этишни талаб қилади. Ҳиндистонликларга ўз давлатига қайтиб бориш кейинчалик ишлаб турган давлатларига киритилмаслик хавфини туғдиради. Шундай пайтда еб-ичиш ва яшаш нисбатан арзон Ўзбекистон уларга вақтинчалик қўналға вазифасини бажариб бериши мумкин;

3. Учинчи сабаб яхши ниятли меҳмонларни ранжитади. Бироқ бу давлатлардан ташриф буюрганлар орасида одамларни чув тушириш учун келганлар ҳам йўқ эмаслиги маълум. Айниқса, Покистон фуқаролари орасида тиланчилик, оғир вазиятга тушиб қолганини айтиб ёрдам сўраш ҳоллари жуда кўпайди. Мачитлар ёнига туриб олиб, ҳашаматли уйларга кириб бориб, одамларнинг диний бағрикенглигидан фойдаланган ҳолда катта пулга тушириб кетиш урчигани ҳақида “Парижга етиб оладиган пулни йиғиб бўлган” – Тошкентда покистонлик тиланчилар кўпайгани айтилмоқда” сарлавҳали мақола ҳам эълон қилган эдик;

4. Туризмга оид ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон кўп давлатлар учун визасиз режим жорий қилган ёки соддалаштирилган виза олиш тартибини йўлга қўйган. Бугунги шароитда аксарият давлатлар бундай имтиёзларни қисқартирмоқда. Бу омил ҳам арзон йўналиш изловчиларга қўл келиши мумкин.

Албатта, қандай мақсадда келмасин улар тўрт девор ичида биқиниб ўтиришмайди. Уларни кузатган юртдошларимиз таассуротлари билан ўртоқлашамиз:

“Дам олиш кунлари болаларимни олиб Magic City масканига боргандик. Жуда кўп ҳиндистонлик ва покистонликларни учратдим. Ўзларини тутишлари, телефонда бақириб гаплашишлари, чиқинди ташлашларини кўриб, кўнглим ғаш бўлди”.

* * *

“Уларнинг бирортасида “маска” йўқ. Нега ички ишлар ходимлари назорат қилишмаяпти, ҳайронман. Ўзи карантин пайтида хавфли ҳудудлардан сайёҳларни қабул қилиш қанчалик тўғри?!”.

Туризм ва спорт вазирлиги Aхборот хизмати бошлиғи Лола Раҳмонбоева:

“Ҳиндистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига фақат электрон виза ёки визасиз транзит бўйича кириб келишлари мумкин. Покистон Ислом Республикаси фуқаролари эса мамлакатимизга фақат виза олган ҳолда ташриф буюрадилар. Бевосита ташриф буюрганлар сонига келсак Ҳиндистондан жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 3119 киши кириб келган бўлса, биргина июн ойининг ўзида 1719 киши келган. Покистон бўйича бу кўрсаткич 2813 кишини (июнда 830 киши) ташкил қилади”.

Кўриниб турибдики, сўнгги ойда бу давлатлардан келган меҳмонлар сони кескин ўсган. Меҳмондўст халқимиз бу ҳолатга жиддий шубҳа билан қарамоқда. Албатта, Ўзбекистон ҳудудига кирган ҳар бир ташриф буюрувчи ПЗР тест топширади, лозим бўлганда карантин сақлайди. Аммо қисқа вақт ичида бир ҳудуддан кўп сонли сайёҳлар ташриф буюриши ва жамоат тартибига риоя қилмаслиги тегишли тизимларнинг диққатига арзийди.

Аброр Зоҳидов.

Top