21:55 / 23.07.2021
20645

Мухлисларсиз, аммо янги технологиялар билан. Ёзги олимпия ўйинлари очилишидан энг ёрқин суратлар

Токио XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими ўтказилди. Жума куни спортчилар ва делегацияларнинг бошқа ходимлари орасида яна 19 кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар юздан ошиб кетди, аммо Япония ҳукумати ва ХОҚ ўйинлар давом эттирилиши борасида қатъият кўрсатишда давом этди.

Ўйинлар Япония пойтахтидаги Олимпия стадионида трибуналар бўш қолдирилган ҳолда очилди. Майдонга фақат чекланган миқдорда VIP-меҳмонлар таклиф этилганди.

Лекин бу маросим янги технологиялар қўллангани, шоулар уюштирилгани ва атлетларнинг паради билан ўзгача кечди.

Одатдаги каби парадни Греция олимпиячилари - ўйинлар ватани жамоаси бошлаб берди.

Қочқинлар жамоаси алоҳида чиқиш қилди. 

Япон алифбоси бўйича Аруба олимпиячилари биринчилардан бўлиб чиқишди.

Ўзбекистон байроқдорлари боксчи Баҳодир Жалолов ҳамда таэквондочи Нигора Турсунқулова. 

Бу сафар ҳам маросимнинг асосий юлдузларидан бири тонголик таэквондочи, миллий либосда кўриниш берган Пита Тауфатофуа бўлди. 

Россия термаси Олимпиадада Россия миллий олимпия қўмитаси байроғи ва рамзлари остида чиқиш қилди. Спорт арбитраж суди қарорига кўра, 2022 йил 16 декабрига қадар россиялик спортчилар Россия давлат рамзлари остида чиқиши тақиқланган, кенг кўламли допинг можаросидан кейин ХОҚ шундай қарорга келганди.

Россиялик олимпиячиларнинг формасида барибир Россия байроқлари ранглари акс этди. Халқаро аксилдопинг агентлиги президенти Витольд Банька россиялик спортчилар формасига эътироз билдирди, аммо ХОҚ россияликларнинг бундай дизайнига рухсат берган.

Маросим якунида япониялик теннисчи Наоми Осака Олимпия гулханини ёқди ва ўйинлар расман очилди. Ўйинлар бошлангани ҳақида император Нарухито эълон қилди.

«Ўйлайманки, стадионга келганимизда, барчамизни хурсандчилик ва енгил тортиш ҳисси чулғаб олди. Айниқса бу кунни сабрсизлик билан кутган спортчиларни», деди маросим бошланиши арафасида Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах.

Аммо японларнинг кўпчилик қисми Бахнинг энтузиазмига қўшилмайди. Мамлакат аҳолисининг 80 фоиздан ошиқ қисми ёки ўйинлар яна қолдирилишини ёки бутунлай бекор қилинишини истайди. Олимпиада 2020 йил ёзида ўтказилиши керак эди, аммо пандемия туфайли кечиктирилганди.

Ўйинлар ўтказилишига қарши томон Японияда эпидемиологик вазият назоратдан чиқиб кетганини иддао қилишмоқда. Вакцинация кампанияси кутилганидан анча секин суръатларда олиб борилмоқда.

Айни вақтга келиб Олимпия қишлоғида касалланиш ҳолатлари аниқланганлар сони юздан ошган, кўплаб спортчилар ўз номерларида иҳоталанишга мажбур бўлишмоқда.

Токиода фавқулодда ҳолат режими 22 августга қадар узайтирилган, яъни Паралимпия ўйинлари якунигача. Олимпиячилар делегациялари вакилларининг шаҳарга кетиши қатъий қоидалар асосида амалга оширилади.

Cпортчилар, мураббийлар ва спорт объектлари персонали учун ҳар куни Covid-19га тест топшириш, тиббий ниқоб тақиш ва карантинга риоя этиш ташкилий қўмитанинг қатъий талаблари. Ўз жамоасидан ташқарида мулоқотга киришиш ва келишилмаган ҳолда йўналишни ўзгартириш ҳам тақиқланади.

Қоидаларга амал қилмаган спортчилар зудлик билан дисквалификация қилинади, персонал - ишдан бўшатилади.

Токио-2020: рақамлар ва ўзига хосликлар
Токиодаги Олимпия ўйинларида дунёнинг 207 мамлакатидан 11300 спортчи иштирок этмоқда.

Спортнинг 33 турида жами 339 медаллар шодаси ўйналади.  Токио Олимпиадаси дастурига янги беш тур қўшилган - бейсбол ва софтбол, каратэ, серфинг, қояларга кўтарилиш спорти ва скейтбординг. Бейсбол ва софтбол олимпия спорт турлари қаторига киритилгани анча аввалроқ маълум бўлганди, аммо саралаш баҳслари ўтказилмади.

Токио ўйинларида рекорд сонда аёл спортчилар иштирок этмоқда - 48,8 фоиз.

Ўзбекистон олимпия жамоаси 71та йўлланма билан қатнашади. Ўзбекистонликлар бокс, дзюдо ва эркин курашдан медаллар олиши кутилмоқда.

Олимпиадада Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобоусмон Батуров бўлиши айтилган эди. Бироқ очилиш маросимидан олдин байроқдорлар ўзгариб, боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулова байроқни олиб ўтиши маълум бўлди.

Ўзбекистон жамоаси сафида спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитина ҳам бор. У 46 ёшда ва бу унинг саккизинчи Олимпиадаси. У 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида кумуш медал олган.

У ўзининг кўп йиллик фаолиятида жаҳон чемпионатларида учта олтин, тўртта кумуш ва тўртта бронза медалларни қўлга киритган. У таяниб сакрашда энг яхши натижаларини қайд этади.

Мавзу
Токио Олимпиадаси
Пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Ёзги Олимпиада 2021 йил 23 июлида Япониянинг Токио шаҳрида расман бошланади.
Барчаси
Top