Жамият | 13:30 / 27.07.2021
26398
5 дақиқада ўқилади

«Ўз уйим бўлишини орзу қиламан...» – уйли бўлиш дардида фирибгарликка қўл уриб, қамалган маҳкума ҳикояси

«Маҳкума» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Шоҳиста Рўзматова 34 ёшда. Фирибгарлик жинояти билан қамалган. Оилали, 13 ёшли ўғли бор. 6 марта судланган, барчасида фирибгарлик жинояти билан жазоланган. Охирги марта 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. У биз билан суҳбатда ҳаётидаги қийинчиликлар, қандай қилиб панжара ортига тушиб қолгани ва қамоқдаги хулосалари ҳақида гапириб берди.

«Оилада олти фарзандмиз, мен бешинчи қизман. Мендан кейин бир укам бор. Барчаси ўқимишли, зиёли. Дадам 5-синф бўлган вақтимда оламдан ўтган. Онам бизни ёлғиз катта қилган. Онам ҳозир 68 ёшда. 5 қизини узатди, ўғил уйлантирди. Балки дадамнинг эрка қизи бўлганим учун ҳаёт йўлини танлашда адашдим.

Тўғри, ҳамма учун ўз отаси ягона бўлади, аммо мен учун дадам беқиёс инсон бўлган. Мен туғилган вақтимда дадам раис бўлган экан, тўрт қизим бор-у, ўғлим йўқ, деб ўксинмаган. Мен туғилганда афсусланмаган, қизли бўлганини айтишса, «Кўзи кўкми? Бўлди, етади», деган экан. Кўнгли жуда кенг инсон бўлган.

Онам отангга ўхшайсан, бахтли бўласан, дерди. Ҳақиқатан 6 фарзанд ичида битта мен ўхшаганман дадамга, бундан жуда хурсандман. Шунинг учун онам асраган кўзга чўп кирар, деганди. Отам 1998 йил автоҳалокатда вафот этган. Дадам вафот этгач, қайсар бўлиб қолдим, ҳеч кимга қулоқ солмай қўйдим, ҳамма нарса мумкин экан, деб ўйлаганман».

«Чиқсам, биринчи онамдан кечирим сўрайман»

Онам дадам вафот этганида 41 ёшда эди. Ўша пайтда тўнғич опамнигина узатгандик. Қолган 5 фарзандни оёққа турғизиш ёлғиз онамнинг елкасида қолиб кетганди. Онам ўқитувчи эди, бизга яхшироқ шароитни яратиб бериш учун касбини ташлади. Онам доим меҳнат одамни ўлдирмайди, агар шундай бўлганида биз тирик юрмасдик, ишлагин, қўлингда касбинг бор дейди. Бу гап тўғрилигини шу ерда англаб етдим.

Онамни кўп ранжитардим, қўнғироқларини кўтармасдим. Шу гапни ҳамманинг олдида айтишингиз шартмасди, деб онамнинг кўнглини оғритардим. Биринчи марта жазони ўтаб, уйга борганимда, онам озиб кетганди. Бу ерга учрашувга келолмайди, чунки соғлиғи ёмонлашганди. Онам ўзи учун яшамади, 70 ёшга яқинлашяптики, ўзи учун нимадир олишни истамайди. Чиқсам, биринчи онамдан кечирим сўрайман.

Қўқонда техникумда коммунал соҳа бўйича ўқиганман. 3-курсданоқ ишлашни бошладим, ўша пайтдан тезроқ пул топиш ҳақида ўйлардим. Чунки онам отамдан кейин кўп қийналгани учун онамни рози қилишга, кўп пул бериб, таъминлаб беришга ҳаракат қилардим. Олий маълумотли бўласан, дейишса ҳам ўқимай ўзимни бутунлай ишга бағишлаб юборардим. Онам бирор ўқишга топширгин, деса ҳам кўнмай фақат ишга берилиб кетдим. Бу орада турмуш қурдим. Кейин Фарғона шаҳрига кўчиб, уй олиш ҳаракатига тушганмиз.

Биринчи қарз олишим ҳам уй олиш дардида бўлди. Алданиб қолганман. 2009 йилларда, ўғлим энди 1 ёшга кирган вақтлари, уй олиш учун деб пул йиғганмиз. Бир одамга шу пулни бериб, алданиб қолганман. Шу билан уй ололмаганман. Турмуш ўртоғимдан яширганман буни. Яширмаслик керак экан. Бу менинг энг катта хатом бўлган. Айтсам, уларнинг менга нисбатан ишончини йўқотишдан, онам хавотирланишидан қўрққанман.

Яшириш алдашга киради, бу эса яхшиликка олиб келмайди. Уй олиш учун йиғган пулимни алданиб бериб қўйгач, қинғирлик йўлига ўтдим, судландим. Хўжайиним ҳаммасидан хабар топди. Қарзларни узиш учун ишлаб ўзи тўлади. Иккинчи маротаба судланганимда, қарзимиз анча кўплиги учун эрим хорижга ишлашга кетди. Кейин менга 3 йил-у 2 ой муддат беришди.

Жами 6 марта судланганман. Ҳаммаси фирибгарлик туфайли. Фирибгарлик дегани бу – қарздорлик. Кимнингдир ишончи суиистеъмол қилиниб пули олинади, вақтида қайтариб берилмайди. Ҳамманинг пули ўзига зарур. Бу ҳолат ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган. Барибир бировнинг ҳақи сизга юқмас экан. Бугун оламан, эртага жойига қўяман, дейиш нотўғри. Коммунал соҳада ишлардим. Одамларнинг уй учун қилган тўловларини ўзлаштирганман. Олдинги қарзларимни тўлаш учун пулларни ишлатиб юборганман.

Фирибгарлар кўпчилиги ўйлаши мумкин: фирибгарлик қиламан, кўп пулни босаман, кираман, чиқаман, бермайман. Йўқ, барибир берилади, тўланади. Чунки ўзим чиқиб тўладим. Эркин юрасиз тўласангиз».

«Энг қийини – яқинлар соғинчи»

«Бу ерда барча маҳкумалар билади: аёл учун энг катта жазо бу яқинларини кўрмасликдир. Хоҳлаган вақтида бағрига босолмайди, ким биландир дардлашгиси келса, бунинг иложи бўлмайди. Бу ерга келибгина, яқинларнинг қадрига етаркансиз. Яқинларимсиз жуда қийналдим. Илгарилари шеър ёзардим, ҳозир эса йўқ. Билмадим, ҳаётдан тўхтаб қолганга ўхшайман. Демак, ҳаётимнинг мазмуни, илҳомлари фақат яқинларим экан. Бу ҳам бир синов. Бу ерда ўтаётган умримиз увол. Мудҳиш хатога йўл қўймасдан олдин ҳаммасини англаб етиш керак. Касал бўлмасдан олдин касал бўлмаслик чораларини кўриш керак».

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид