21:10 / 06.08.2021
13434

Ҳайдовчига асоссиз ёзилган жарима Kun.uz танқидидан сўнг бекор қилинди

ЙҲХ ходими электрон суғурта полисига эга ҳайдовчини суғуртаси йўқ деб топиб, 245 минг сўм жаримага тортган эди. Ноқонуний жарима қарийб 2 ойдан сўнг, иккита танқидий материалдан кейин бекор қилинди. Билимсиз ходимга чора кўрилган-кўрилмагани маълум эмас.

Тошкентда, ҳукумат қарорига зид равишда, электрон суғурта полиси инобатга олинмай, ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирилгани ҳақида Kun.uz 26 июн куни маълум қилган эди.

Шундан сўнг сайт мухбири ва асоссиз жаримага тортилган ҳайдовчи Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга таклиф қилиниб, ходимдан хатолик ўтгани, маъмурий баённома тез кунда бекор қилиниши айтилганди.

Аммо, ЙҲХБ мулозимлари сўзида турмади ва орадан 1 ойдан кўпроқ вақт ўтса-да баённома бекор қилинмади.

Kun.uz ваъда ерда қолгани ҳақида 3 август куни танқидий материал эълон қилди. Ҳайдовчининг бизга маълум қилишича, мақоладан сўнг унинг телефон рақамига “Сизда тўланмаган жарима йўқ” деган хабар келган.

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка асосан давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари Е-полис ҳақиқийлигини тегишли мобил қурилмага QR-кодни кўрсатиш ёки Е-полис ноёб рақамини киритиш орқали текшириши лозим.

Top