Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, энг йирик инсон салоҳияти ҳамда барча минтақа мамлакатлари билан умумий чегарага эга ягона давлат – Ўзбекистон. 2016 йил охиригача давлат чегаралари миналаштирилган, сув ва газ захираларидан оқилона фойдаланиш бўйича даҳанаки тортишувлар, ўзаро четлаб ўтиш ва ташқи сиёсий-иқтисодий манфаатларга қарам бўлмасликка йўналтирилган мухтор нақлиёт ҳамда темир йўллар барпо этилиши натижасида минтақада ишончсизлик кайфияти кескинлашиб кетганди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам ниҳоятда чекланган эди. Охирги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларда катта ютуқларга эришилган бўлса-да, яқин истиқболда ҳал қилиниши керак бўлган бир қанча масалалар мавжуд.

Сиёсий музлар анча эриб, 2017 йил 17 сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилгани» ва «бу тенденциянинг мустаҳкамланиши Марказий Осиё давлатлари президентлари мунтазам учрашувлар ўтказиши учун имконият яратиши» ҳақида дастурий нутқ қилганди.

Ундан аввал, 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017–2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегиясининг «чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар» дея тавсифланган 5.2-бандида «Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш» тамойили белгилаб қўйилган. Фикримизча, «ён-атроф» атамаси ортида Афғонистон ҳам назарда тутилган.

Умуман олганда, ташқи сиёсат давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ички ривожланиши, ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишини таъминлаш, ҳаёт сифатини кўтариш учун қулай ташқи шароитни яратиш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш энг асосий вазифалардан биридир. Айнан Ўзбекистон жойлашган минтақадаги хавфсизлик барқарор ривожланишнинг энг асосий шартидир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Марказий Осиё давлатлари – бевосита қўшниларимиз билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб қўйилган.