Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ва Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон чегараси яқинидаги машғулотларнинг фаол босқичини якунлади
Машғулотларга икки мамлакатнинг 1,5 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, 200 бирликка яқин қурол, ҳарбий ва махсус техника, Россия ҳарбий космик кучларининг 4та Ту-22М3 самолёти жалб этилди.
Термиз шаҳри яқинида Россия-Ўзбекистон тактик машғулотларининг фаол босқичи якунига етди, деб хабар берди Коммерсантъ Россия мудофаа вазирлигига таяниб.
Хабарда айтилишича, машғулотларга икки мамлакатнинг 1,5 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, 200 бирликка яқин қурол, ҳарбий ва махсус техника, Россия ҳарбий космик кучларининг 4та Ту-22М3 самолёти жалб этилди.
«Россия-ўзбек ҳарбий гуруҳи ҳаводан туриб қуролланган гуруҳларни аниқлади, сўнгра уларнинг мамлакат ҳудудига киришининг олдини олиб, аҳоли пунктида яшириниб олган «жангарилар»ни йўқ қилди», — дейилади хабарда.
Машғулотларнинг якуний босқичини Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедовлар кузатди.
Аввалроқ Тожикистондаги Ҳарбмайдон полигонида Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари иштирокида 10 августгача ўқув машғулотлари бўлиб ўтиши маълум қилинганди.