Жаҳон | 08:52 / 09.08.2021
8703
2 дақиқада ўқилади

Москвада мигрантларни текшириш бўйича иккита рейд ўтказилади

Текширув «ГИБДД» ва «Росгвардия» томонидан амалга оширилади.

Москва шаҳри ва Москва вилоятида полиция ходимлари «ГИБДД» ва «Росгвардия» билан биргаликда мигрантларни текшириш бўйича иккита рейд ўтказади, деб хабар бермоқда Pravda.ru.

14 августдан бошлаб Москвадаги такси хизматларида ишлаётган меҳнат муҳожирлари «АРТ» тизими назорати остида фаолият кўрсатади. Такси ҳайдовчиларининг рақамли идентификаторлари ишга тушишидан олдин «ГИБДД» ходимлари кучайтирилган текширув ўтказади. 

Бу рейд давомида «Ақлли шаҳар» технологияларидан фойдаланилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг асосий вазифаси - «АРТ» тизимида рўйхатдан ўтмаган ҳайдовчиларни топиш ва уларга нисбатан қонуний жазо чораларини қўллаш.

Москвада мигрантлар устидан назоратнинг кучайтирилишига яқинда шаҳар жануби-шарқида содир бўлган воқеа сабаб бўлди. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг юзга яқин фуқаролари иштирокидаги оммавий муштлашув кўплаб шахсларнинг ҳибсга олиниши ва депортация қилинишига олиб келди.

Шу муносабат билан, «ГИБДД»дан ташқари, полиция ходимлари ҳам муддатсиз рейдлар ўтказади. Ходимлар меҳнат муҳожирларининг оммавий яшаш жойларига боришни режалаштирмоқда. Шунингдек, «Росгвардия» текширувлар чоғида тартибни сақлаш устидан назоратни амалга ошириши маълум қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой МДҲ мамлакатлари элчилари билан видеоконференция ўтказди. Учрашув иштирокчилари чет эл фуқаролари иштирокидаги низолар ва ноқонуний миграция муаммоларини муҳокама қилишди.

Горовойнинг сўзларига кўра, Россияда ҳозирги вақтда МДҲ давлатларидан келган 700 мингдан ортиқ киши ноқонуний яшайди. Шу билан бирга, ноқонуний мигрантлар мунтазам равишда маъмурий ва жиноий ишлар фигурантига айланади ҳамда бу йил уларнинг ноқонуний ҳаракатлари сони кўпайган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид