Ўзбекистон | 13:38 / 09.08.2021
93717
3 дақиқада ўқилади

Хитой-ўзбек вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистонликларни бир ҳафта давомида хитой-ўзбек вакцинасининг фақат 1-дозаси билан эмлаш ҳақида кўрсатма берилган.

Бугун, 9 августдан бошлаб Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш 1 ҳафта муддатга тўхтатилган. Бу ҳақида Kun.uz’га Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров маълум қилди.

Kun.uz’га ўзбек-хитой вакцинаси (ZF-UZ-VAC-2001)нинг биринчи дозасини олган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Маълум бўлишича, эмлаш пунктларига мазкур вакцинанинг навбатдаги дозасини олиш учун мурожаат қилган фуқароларга бир ҳафталик муддатдан сўнг келиш сўралган. Бу эса аҳолининг кўплаб саволларига сабаб бўлмоқда. Чунки бунгача одамлар бу ҳақда огоҳлантирилмаганди.

Kun.uz мухбири аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров билан боғланди. Унинг тасдиқлашича, 9 августдан бошлаб ўзбек-хитой вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш вақтинча тўхтатилган.

«Республикадаги вазиятдан келиб чиқиб 9 августдан бошлаб эмлаш пунктларида ZF-UZ-VAC-2001 вакцинаси фақат биринчи дозаси билан эмлаш учун ишлатилади. Иккинчи ва учинчи дозалар билан эмлаш вақтинча – 1 ҳафтага тўхтатиб турилади», деди у.

Шунингдек, Бозоров Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги иммунизация ишлари бўйича раҳбари Дилором Турсунованинг мазкур масала юзасидан берган топшириғи акс этган хатни тақдим қилди.

У бундай ҳолат юзага келиши вакцина етишмовчилиги туфайли эканини рад этди.

«Сўнгги вақтда Ўзбекистонга коронавирусга қарши вакцинанинг бир нечта турлари кириб келди ва эмлаш ишлари анча жадаллашди.

Статистикани қарайдиган бўлсак, биринчи дозада вакцина олганлар сони билан иккинчи ва учинчи дозада эмланганлар орасида кескин фарқ мавжуд. Уларнинг ҳисоб-китобини тўғри юритиш, emlash.uz платформасига тўғри киритиш, эмланганлар орасида ҳам дозаларга кўра саралаб олиш учун вақт керак бўлади.

Шу сабабдан 1 ҳафта муддатга ушбу вакцинанинг фақат биринчи дозасида эмлаш амалга оширилади. Шундан сўнг қолган дозалар билан ҳам эмлаш йўлга қўйилади. Бу узилиш фақат эмлаш жараёнини режалаштириш учун қилинмоқда», дейди СЭС мутасаддиси.

Эслатиб ўтамиз, 5 ва 6 август кунлари Ўзбекистонга 2 млн доза хитой-ўзбек вакцинаси олиб келинди ва шу вақтгача келтирилган вакцина миқдори 14 млн 580 минг 60 дозага (370 минг доза «Спутник V», 710 минг доза AstraZeneca, 10,5 миллион доза ZF-UZ-VAC-2001, 3 миллион 60 доза Moderna) етди.

ССВ маълумотларига кўра, 7 августгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 10 025 266 доза вакцина қўллаб бўлинган.

Мавзуга оид