Жамият | 19:21 / 11.08.2021
8099
2 дақиқада ўқилади

“Протестлар ҳокимлик томонидан асоссиз равишда рад этилган” – Навоий вилояти прокуратураси Зарафшондаги ҳолатга муносабат билдирди

Kun.uz Зарафшон шаҳар прокуратураси шаҳар ҳокимининг 2021 йил апрель-май ойларидаги 59та фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судга ариза киритгани, шаҳар ҳокимлиги прокуратуранинг келтираётган важларини асоссиз деб ҳисоблаётгани ҳамда ўртада 59 нафар фуқаро сарсон бўлгани ҳақида маълум қилганди. Навоий вилояти прокуратураси мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Муносабатда таъкидланишича, 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган 6 ойида вилоят прокуратураси органлари томонидан 4579та ноқонуний ҳужжатга протестлар киритилиб, 653таси бекор қилинган, 3756таси эса қонунга мувофиқлаштирилган ҳолда 7526 нафар (жумладан 424та юридик) шахснинг ҳуқуқлари тикланишига эришилган.

Зарафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан 139 нафар фуқарога енгил конструкцияли объектларни ўрнатишга рухсат бериш тўғрисида чиқарилган фармойишлар Ер кодексининг 23-, 33-, 61-, 62- ва 64-моддаларида назарда тутилган талаблар, яъни ер участкаларига эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилиши, ер ажратиш фақатгина ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссияларнинг далолатномаси асосида қарор чиқариш йўли билан расмийлаштирилиши лозимлиги ҳақидаги ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинмаган ҳолда чиқарилганлиги сабабли вилоят прокуратураси томонидан фақатгина шу даврда қурилиш ишларини бошламаган 59 нафар фуқарога чиқарилган фармойишларни бекор қилиш тўғрисида протест келтирилган.

Мутасадди ташкилотлар томонидан тадбиркорларга қурилиш ишларини бошламаслик тўғрисида расман огоҳлантириш хатлари юборилган. Зарафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан протестлар асоссиз равишда рад этилганлиги сабабли “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасига асосан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган ҳамда ҳозирда маъмурий суд томонидан мазкур ишлар кўриб чиқилмоқда”, — дейилади прокуратура муносабатида.

Шунингдек, муносабатда ҳолат юзасидан Зарафшон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётгани, бу борада фақат суд томонидан якуний тўхтамга келиниши таъкидлаб ўтилган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид