Афғонистоннинг иккинчи энг йирик шаҳри толиблар қўлига ўтгани мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган, аммо ижтимоий тармоқларда толибларнинг ушбу шаҳар кўчаларида юргани акс этган роликлар тарқалган.

Қандаҳорнинг эгалланиши «Толибон» учун навбатдаги стратегик муҳим ғалаба бўлади. Ҳаракат қўшинларининг муваффақиятли юришлари давом этмоқда. Айни вақтда мамлакат ғарбида жойлашган яна бир йирик шаҳар Ҳирот қамал ҳолатида, шаҳар учун бир неча кундан буён жанглар давом этмоқда.

Бугун кун давомида толиблар пойтахт Кобул шаҳри яқинидаги Ғазни шаҳрининг катта қисмини забт этишгани ҳақида маълум қилинганди. BBC’нинг шаҳар кенгашидаги манбаси хабарига кўра, афғон хавфсизлик кучлари фақат шаҳар ташқарисидаги полиция базасини назоратида сақлаб қолмоқда.

Афғон хавфсизлик хизмати ходимлари Ғазни вилояти губернаторини ҳудудни ўз ихтиёри билан толибларга топширишда айблаб қўлга олган. Губернаторнинг қўлга олиниши ҳозирги урушдаги илк прецедент бўлди.

Кузатувчилар Ғазнининг эгалланиши «Толибон»нинг Кобулга ҳужум қилишини тезлаштиришидан хавотирланишмоқда.

Айни вақтга келиб мамлакатдаги 34 вилоятнинг қарийб учдан бир қисми (10) «Толибон» қўлига ўтиб бўлди.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқилиши фонида маҳаллий ҳукумат бирин-кетин катта ҳудудларни бой берди.

11 август куни Қандаҳорда ҳам шиддатли жанглар бўлиб ўтган, толиблар шаҳар қамоқхонаси эгалланганини айтишган, аммо бу тасдиқланмаган.

Жанубдаги Ҳилманд вилояти маркази Лашкаргоҳда эса жангарилар полиция штаб-квартирасини эгаллаб олгани тўғрисида хабарлар тарқалган.

Ҳиротда шаҳар ташқарисидаги ҳимоя тўсиғи ёриб ўтилган ва толиблар эндиликда губернатор қароргоҳини қамал қилмоқда.

Толиблардан қочиб келган минглаб кишилар Кобул яқинидаги қочқинлар лагерида яшамоқда / AFP

БМТ маълумотларига кўра, сўнгги бир ойда Афғонистонда тинч аҳоли орасида 1000дан ортиқ қурбон берилган.