17:50 / 12.08.2021
7593

Битта шахснинг учта корхонаси иштирок этган давлат хариди: нима сабабдан бундай ҳолатларнинг олди олинмаяпти?

Ижтимоий тармоқларда давлат харидлари бўйича танловда бир шахсга тегишли бир нечта корхона иштирок этиб, уларнинг бири ғолиб бўлганига оид хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлди. Товар-хомашё биржаси масъули вазиятга изоҳ берди.

Aввалроқ, 442 млн сўмлик давлат хариди бўйича танлов бир тадбиркорнинг 3та корхонаси иштирокида ўтгани хабар қилинганди. Бу ижтимоий тармоқларда манфаатлар тўқнашувини юзага келтирган нохолис танлов сифатида муҳокамаларни келтириб чиқарди. Нима сабабдан бундай ҳолатларга йўл қўйилаётгани борасида Республика Товар-хомашё биржаси бошқарма раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов 12 август куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида изоҳ берди.

“Янги қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга бенефициар мулкдор, аффилланган шахс, манфаатлар тўқнашуви каби бир нечта янги тушунчалар киритилган. Ундан ташқари, 2022 йилнинг 1-ярмидан бошлаб танлов ва тендерлар фақат электрон шаклда ўтказилиши белгиланган. Бу ҳозирги кунда ҳар битта корхонанинг мулкдорлари, устав фонди шакллангандаги иштирокчилари, СТИР рақамлари ёки шахсини тасдиқловчи махсус кодлар тўлиқ электрон шаклда тасдиқланмагани сабабли интеграция таъминланмаган. Шу сабабли 2021 йил декабр ойигача шу маълумотларни тўлиқ шакллантириш топшириғи берилган. Бу борада давлат хизматлари агентлиги, ДСҚ ҳамда биз томондан маълумотларни шакллантириш ва интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Интеграция тўлиқ таъминлангандан кейин юқоридаги каби ҳолатларда иштирокчиларнинг тендерда қатнашишини чеклаш мумкин бўлади. Биржа томонидан бундай иштирокчиларни чеклаш маълумотлари тўлиқ шаклланмагани учун уларнинг иштирокини чеклаш имкони йўқ. Aслида давлат харидлари тўғрисидаги қонунда манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳар қандай танловлар ёки савдолар ўтказиш тақиқланади. Бу борада база тўлиқ шакллангач, бу жараённи тўлиқ назоратга олиш имкони пайдо бўлади”, — деди биржа масъули. 

Шунингдек, Зулфиддин Камолов маълумотлар тўлиқ интеграция қилинмасдан ҳам жамоатчилик бундай маълумотларни очиқ манбалардан олаётганига изоҳ берди.

“Давлат статистика қўмитаси сайти орқали яқинда очилаётган корхоналарнинг устав фондини шакллантирувчиларнинг аниқ рўйхатини кўриш мумкин. Унда солиқ тўловчининг махсус кодлари, жисмоний шахсларнинг кодлари кўрсатилган. Лекин олдин очилган корхоналар бор, улар ҳақидаги маълумотлар электрон шаклланмаган. Биз янги маълумотларни киритишда чеклов ўрнатишимиз олдинги корхоналарга тўсиқ пайдо қилади. Тўлиқ маълумотлар шакллантирилганда, тизимнинг ўзи бундай ҳолатларнинг олдини олади”, — деди у.

Top