Ўзбекистон | 16:04 / 15.05.2023
5066
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бадиий академиясининг қарийб 1,5 млрд сўмлик давлат хариди бекор қилинди

Алишер Навоийнинг бронза ҳайкалини яратиш учун ўтказилган танловда 3 нафар талабгорнинг ҳужжатлари харид комиссиясининг раиси ва тўрт нафар аъзоси фойдаланган компютер орқали электрон платформага юклангани аниқланган.

8 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси буюртмачилигида Алишер Навоийнинг бронза ҳайкалини яратиш ва Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида ўрнатиш хизмати юзасидан 1 млрд 416 млн сўмлик давлат хариди ўтказилган. Аммо мазкур харид Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўрганишларидан сўнг бекор қилинган.

Маълум қилинишича, ушбу давлат харидини амалга ошириш жараёнида буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талабларига амал қилинмаган ва бошқа қонунбузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилган. Хусусан, харидда иштирок этган 3 нафар талабгорнинг ҳужжатлари харид комиссиясининг раиси ва тўрт нафар аъзолари фойдаланган компютер орқали электрон платформага юкланган.

Мазкур ҳолатлар бўйича давлат хариди ўтказилган куннинг ўзида харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган. Тўпланган ҳужжатлар эса қонуний чора кўриш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.

Агентлик тақдимномасига биноан академия томонидан 11 май куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.

Олдинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати томонидан 2023/24-ўқув йили учун инглиз тили фанидан 1-11-синф машқ дафтарлари, дарсликлар сотиб олиш мақсадида ўтказилган давлат хариди ҳам қиммат нарх таклиф қилган тадбиркорлик субъекти ғолиб деб топилгани учун бекор қилинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид