Жамият | 20:12 / 17.08.2021
17796
7 дақиқада ўқилади

12+3=55? Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз вақтида 1 млн доллар бўлган мулк учун товон пулини тўламаяпти

Тошкентда тадбиркорнинг 55 сотих ер майдони ва 2035 кв.м. майдонга эга биноси компенсация ва ер майдони кейинчалик беришга доир оғзаки ваъдалар билан бузиб ташланган. Ўрнига 15 сотих бўш ердан бўлак ҳеч вақо берилмаган.

12+3=55. Юқоридаги арифметик амалиёт нотўғри эканини кичик синф боласи ҳам жуда яхши билади. Аммо, ушбу ҳисоб-китоб тўғри эканини исботлашга уринишлар ҳатто суд амалиётида ҳам кузатилиши мумкин экан. Навбатдаги шикоятни ўрганиш давомида шундай хулосага келдик.

Ўз вақтида бозор курсида салкам 1 млн долларлик мулки тортиб олинган тадбиркорга компенсация эвазига атиги 15 сотих ер берилмоқда. У 10 йил давомидаги мурожаатлари натижасида қўлга киритгани – 15 сотих қуруқ ер майдони, холос.

2 млрд сўмдан ортиқроқ товон пули 2021 йил 1 февралдан бери тўлангани йўқ.

1994 йилдан буён ишлаб чиқариш жамоаси сифатида фаолият юритиб келган ва 2001 йилда “Tulpor Savdo Uyi” МЧЖ сифатида ташкил этилган фирма таъсисчиси Зокиржон Азаматовга кўра, 55 сотих ер майдони ва 2035 кв.м. бино 2011 йилда, Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан ҳеч қандай товон пули ҳамда ер майдони тақдим этилмасдан, оғзаки ваъдалар билан бузиб ташланган.

“2011 йил 6 апрелда тўсатдан келишиб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинди, дўкон бузилади, дейишди, лекин ҳаммаси бизга нисбатан “рейдерча” усулда бўлди. Ўша вақтда ҳаммамиз шокда бўлганмиз, тушуниб-тушунмаганмиз.

6 апрел куни 6 та машинага ҳисоб маълумотнома ёзиб сотяпман, мижозлар пулини тўлаб автомобил харид қиляпти, шу вақтнинг ўзида бинонинг тунука томини кўчиришяпти. Аввал улар бизга жой бериши, компенсация тўлаши керак эди. Лекин буларнинг ҳеч бири бўлмади. Жуда катта куч билан келишди, мажбурлаб бузишди”, – дея 2011 йилни эслайди Зокиржон Азаматов.

Унинг айтишича, корхона 55 сотих ер майдонида жойлашган бўлиб, 2035 кв.м. бино ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига эга бўлган. Шунча жойнинг эвазига 3 сотихгина қуруқ ер майдони берилган. 2011 йилдан бошланган шикоятлардан сўнг, 2015 йилга келиб яна 12 сотих ер майдони бериш ҳақида қарор чиққан. Уни ҳам 2017 йилдагина расмийлаштиришнинг имкони бўлган.

“6 йил деганда 12 сотих қуруқ ер олдим. Уни олиш учун ҳам роса овора бўлганман. Архитектура бошқармаси ўз хулосасини берди, Қурилиш бошқармасида эса 2 йил умрим ўтди”, – дейди З. Азаматов.

Компенсациянинг қолгани қани?

Фирма таъсисчисига кўра, шикоятлардан иш битмагач, туман судига мурожаат қилинган. Ишни кўриб чиқаётган ва мулкни бугунги кун нархида қайта баҳолаш бўйича ажрим чиқарган судья Ҳакимова ўрнига судья Ёдгоров тайинлангач, маҳкама жараёнидаги вазият, қолаверса, шаҳар ҳокимлиги юристининг позицияси ҳам 180 даража ўзгариб кетган.

Шу билан, биринчи суд инстанциясида ишни якунлаган Ф. Ёдгоров даъвони қаноатлантирилмаслик ҳақида қарор чиқарган.

“Шаҳар ҳокимлиги юристи бир хатни кўрсатиб, биз бу тадбиркор билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилганмиз, деди. Мен судьяга: “Ўртоқ судья, кимдир 55 минг қарз олиб, орадан 7 йиллар ўтгач, 15 минг доллар бергач, “биз расчётмиз” деса тўғри бўладими, деб савол бердим. Ахир бизни ҳолатда шунақа бўляпти. Даъвомиз рад этилди, биз кассация тартибида шаҳар судига мурожаат қилдик.

Кассация инстанцияси судьяси юристдан сўради: “55 сотих ерни олгансизларми? – Ҳа, олганмиз. – 15 сотих ер бергансизларми? – Ҳа, 15 сотих берганмиз. Бино биланми ёки қуруқ ерми? – Қуруқ ер берганмиз. Демак, сиз шу билан ҳисоб-китобимиз битган деяпсиз, шундайми? – Шундай.

Судья давлат мулки агентлиги ходимига ҳам шу каби саволларни берди, у ҳам ҳисоб-китоб қилинган, деди. Судъя бизнинг фойдамизга қарор чиқариб берди. Ижрога берилди. Аммо, 6 ойдирки, ижродан дарак йўқ, натижа йўқ.

Коллегия кўриши керак, давлат мулки бошқармаси муҳокама қилиши керак, Учтепа ҳокимлиги хулоса бериши керак. Гап бунда эмас, суд қарори турибди, уни ижро этиш лозим, муҳокама эмас. Энди кўриб чиқамиз, деб баҳонага ўтиб олишди”, – дейди Азаматов.

Маълум бўлишича, 2 млрд 21 млн сўм маблағни ундириш бўйича ижро варақаси 2021 йил 1 феврал куни берилган. Аммо орадан ўтган салкам 7,5 ойдирки, суд қарори ижро этилгани йўқ. Бу орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳар иқтисодий суди кассация инстанцияси қарори устидан Олий судга 2 марта: 23 июн ва 23 июлда шикоят киритган ва иккиси ҳам рад этилган.

Келинг, бироз ҳужжатларга кўз югуртирайлик. Тадбиркорнинг давлат идораларига йўллаган ёзма мурожаатларига жавобларни ўқисангиз, муаммонинг боши-охири қаерда эканини билмай қоласиз. Ваҳоланки, битта савол қўйилмоқда: тадбиркор мулки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун компенсация берилмасдан тортиб олинган. Орадан 6 йил ўтгач, тадбиркорга 3+12, яъни 15 сотих ер майдони берилган, холос.

Энди гап бузилган бинолар учун компенсация ва қолган ер майдони ҳақида кетмоқда. Жавобларга кўз югуртирар экансиз, мутасадди идоралар саволга аниқ жавоб бериш ўрнига муаммони ҳал этишни бошқа идорага юклаш орқали “оз бўлса-да, қулоғим тинчисин” қабилида муносабатда бўлаётгандек таассурот уйғотади.

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш маркази бир сафар муаммони Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳал этишини билдирса, иккинчи сафар масалани туман ҳокимлиги кўриб чиқишини айтади.

Таъкидлаш ўринлики, Савдо саноат палатаси ҳам тадбиркор манфаатида судга мурожаат қилишдан аввал, тарафлар ўртасидаги низоларни судгача тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида томонларни ўзаро келишув музокараларига таклиф этган, бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили иштирок этмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам ушбу масала бўйича Тошкент шаҳар иқтисодий суди кассация инстанциясига фикрларини тақдим этган. Қолаверса, вакил девони томонидан Мажбурий ижро бюроси директори Х.М. Кабиржанов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевга хулоса берилиб, суд қарори ижро этилиши лозимлиги уқтирилган.

Афсуски, ҳокимлик Олий судга вақти-вақти билан шикоят киритиш орқали суд қарори ижросини ортга сураётган кўринади.

Бу ёқда тадбиркор ўз мулкидан айрилгани етмагандек, ҳақиқатни тиклаш, адолатни ўз ўрнига қўйиш ҳамда мулки учун товон пули ва ер майдони олиш илинжида 10 йилдан буён сарсон бўлмоқда.

Минг надоматлар бўлсинки, тадбиркор дардини тинглайдиган, ташвишини аритадиган, суд қарори ижросини таъминлаб бера оладиган мард топилмаяпти.

Мавзуга оид