Ўзбекистон | 19:00 / 20.08.2021
12120
6 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: товарлар номенклатураси нима?

Божхона тизимида бутун дунёда ишлаб чиқариладиган товарлар маълум бир қоидалар асосида тартибга солиниб, махсус рўйхат шакллантирилади. Бу рўйхат товарлар номенклатураси деб аталади.

Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Божхона қоидалари” кўрсатувининг бугунги сонида товарлар номенклатураси, унинг пайдо бўлиш тарихи, бугунги кундаги ҳолати ҳақида ДБҚ бўлим бошлиғи Ҳусан Каримов сўзлаб беради.

Ҳусан Каримов ДБҚ бўлим бошлиғи

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси – Ўзбекистон Республикаси давлат идораларининг, юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатлар, уларнинг юридик ва жисмоний шахслари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик ўрнатишга, бундай ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган жами амалий ҳаракатлари жараёнида қўлланиладиган, товарларнинг маълум бир қонуниятлар асосида тартибга солинган рақамлар ва матнларда ифодаланган рўйхатидир.

Экспорт-импорт операциялари жараёнида қўлланилган дастлабки тизимлар жуда содда тузилган бўлиб, маълум миқдордаги бож ва тўловлар ундирилиши зарур бўлган товарларнинг рўйхатидан ташкил топган.

Бироқ, товар турларининг кўпайиши ва ўзгариши улардан ундириладиган бож миқдорларини белгиловчи аниқ классификатор ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирди. Халқаро аҳамиятга эга бўлган товар номенклатураси бир аср давомида ишлаб чиқилди. Дастлабки халқаро номенклатура 1853 йилда Брюсселда имзоланди. У халқаро статистика номенклатурасининг ишлаб чиқилишига замин яратди.

ДБҚ бўлим бошлиғи Ҳусан Каримов

1885 йилда халқаро статистика институти ташкил этилди. Дастлабки ягона статистика номенклатураси 1913 йилда Брюссель шаҳрида 2-халкаро савдо статистикасига бағишлаб ўтказилган Конференцияда қабул қилинди. Унга фақат 29 давлат раҳбарлари имзо чеккан бўлиб, атиги 5 та гуруҳда (тирик хайвонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қайта ишланадиган материаллар,  ишлаб  чиқарилган маҳсулотлар, олтин ва кумуш) 186 та товар ўрни белгиланган эди.

Кейинроқ 1927-37 йилларда Ягона божхона номенклатураси (Женева номенклатураси)га асос солинди. У 21та бўлим, 86та гуруҳларга жойлаштирилган 991та позициядан иборат эди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин давлатлар иқтисодиётини тиклаш ва савдо-сотиқни ривожлантириш учун янги номенклатурага эҳтиёж сезилди. Европа божхона иттифоқининг ишчи гуруҳи томонидан Женева номенклатураси асосида 1950 йилнинг 15 декабрида Брюссель шаҳрида товарларни божхона тарифи бўйича классификациялаш мақсадида номенклатура қабул қилинди.

1960 йиллар охирида номенклатурага ўзгартиришлар киритиш талаб этилди. Ўзгартириш ишлари 1970 йиллардан бошланиб, 1981 йилда тугалланди. Мазкур 1981 йилда ишлаб чиқилган номенклатурани халқаро амалиётга татбиқ этиш учун халқаро меъёрий ҳужжат қабул қилиш зарур бўлди.

1983 йилнинг июнида Брюссель шаҳрида товарларни классификациялаш ва кодлашнинг Уйғунлашган тизими бўйича халқаро Конвенция қабул қилинди. У 20 модда ва асосий қоидалардан иборат бўлиб, инглиз ва француз тилидаги асл нусхалари Брюссель шаҳрида сақланади. Конвенцияга асосан, 1988 йилнинг 1 январидан бошлаб товарлар номенклатурасидан (товарларни классификациялаш ва кодлашнинг Уйғунлашган тизими) халқаро миқёсда фойдаланиши жорий этилди. Уни тузишда 59та давлатдан экспертлар ва кўплаб давлатлараро ҳамда нодавлат иқтисодий ташкилотлар, шу жумладан Халқаро савдо палатаси, “Тариф ва савдо бўйича олий кенгаш", Стандартлаш бўйича халқаро ташкилот, БМТнинг статистик бюроси қатнашди.

Ўзбекистон ушбу Конвенцияга қачон аъзо бўлган?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 29 августда ушбу Конвенцияга қўшилган. Республика 2000 йилнинг 1 январидан ушбу конвенциянинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Номенклатура мукаммаллиги қандай таъминланади?

Жаҳондаги барча буюмлар, мавжудотлар, ашёларнинг товарлар рўйхати тузилиб, рақамлар билан кодлаб чиқилган тақдирда номенклатура мукаммал бўлади. Бундай ҳолатда ҳар бир товар учун 1 дона код рақами, яъни 1 дона код рақами фақат 1 дона товар турига тегишли бўлади. Аммо, товар турларининг бир неча 100 млн эканлиги сабабли номенклатура бундай тарзда тузилса, уни ифода этадиган китоб ҳам ўз навбатида бир неча минг томларни ташкил этади. Бу ҳолат номенклатурадан фойдаланишда катта қийинчиликларни туғдиради.

Товарлар номенклатураси қандай тақсимланган?

Шу боис, номенклатурани ишчи ҳолатга келтириш учун товарлар бўлимларга, гуруҳларга, кичик гуруҳларга ажратилган ҳолда таснифланади. Унинг структураси 21 бўлим, 97 гуруҳ, 1265та товар позицияси, 5212 товар субпозицияси ва 10709та товар подсубпозициясидан ташкил топган.

Товарларни классификациялаш ва кодлашнинг Уйғунлашган тизимини имкон қадар қиска, лекин шу билан бирга тўлиқ бўлишини таъминлаш учун жаҳон товар айланувидаги товарларнинг айланув ҳажмидан келиб чиқилди. Яъни, жаҳон товар айланувида интенсив иштирок этган товарларга алоҳида товар позициялар, кам ҳажмда товар айланувида бўлган товарларга эса умумий товар позициялари белгиланди.

Товарлар Уйғунлашган тизими ҳақида

Қисқа ҳажмли, шу билан бирга, барча товарларни қамраб олган Уйғунлашган тизим бўйича товарларни барча давлатлар томонидан бир хил талқин қилиниб, классификацияланиши учун маълум бир қоидалар бўлиши керак. Шу сабабли, товарларни классификациялаш ва кодлашнинг Уйғунлашган тизими 6та асосий интерпретация қоидасига биноан талқин қилиниши жорий қилинди ҳамда мазкур норма товарларни классификациялаш ва кодлашнинг Уйғунлашган тизими бўйича халқаро Конвенцияда белгилаб қўйилди.

Техника ва технологияларнинг жадал такомиллашиши туфайли жаҳон товар айланувида янги товар турлари пайдо бўлмоқда. Шу сабабли интенсив товар айланувида бўлган товарларга янги товар позицияларини белгилаш, товар айланувидан чиқаётган товарларни эса умумий товар позицияларга ўтказиш эҳтиёжи туғилади. Бу ҳолатни инобатга олиб товарларни классификациялаш ва кодлашнинг Уйғунлашган тизими ҳар 5 йил ичида янгиланиб боради.     

Товарлар тавсифланиши борасида дастлабки қарор қай ҳолларда қабул қилинади ва унинг йиғими қанча?

Божхона органлари товарларнинг таснифланишига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товар божхона органига тақдим этилгунга қадар дастлабки қарор қабул қилиши мумкин. Дастлабки қарорни қабул қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи миқдорида божхона йиғимлари ундириб олинади.

Мавзуга оид