Жаҳон | 11:39 / 21.08.2021
27837
7 дақиқада ўқилади

«Толибон»нинг Афғонистондаги ҳукмронлиги халқаро майдондаги ҳолатга қандай таъсир ўтказиши мумкин?

Фото: Getty Images

Жо Байден маъмуриятининг Афғонистондан тезлик билан чиқиб кетиш қарори бу қарорни афғон халқига ва Афғонистонда жанг қилганларга нисбатан кераксиз хиёнат деб баҳолаган шарҳловчиларни АҚШ президентини танқид қилишга ундади.

Кобул аэропортидан олинган кайфиятни хира қилувчи суратлар ҳам бу қарашни янада мустаҳкамлади. Аслида, ҳақли бир равишда туйғуларга таъсир қиладиган мавзу бу.

Ғарб Афғонистон учун қонини, вақтини ва пулини сарфлади. Афғонистон халқи эса бундан-да кўпроғини...

Байден маъмуриятининг Афғонистондан тезда чиқиб кетиш қарорига нисбатан билдирилаётган танқидларга қарши чиқиш қийин. Эҳтимол, Афғонистон қутқариб қолиш имконсиз, коррупция ботқоғига ботган мамлакат бўлиши мумкин. Аммо бундай демоқ Афғонистоннинг охирги 2 йилда эмас, балки охирги 20 йилда йўқотилганини билдиради.

Нима бўлишидан қатъи назар, бундай тез чекиниш АҚШнинг ишончлилигига, унинг яхши шерик эканлиги ва дунёвий масалаларда ўзига хос ахлоқий позициясига эга эканига оид фикрларга жиддий зарба берди.

Хўш, бу қарор Байденнинг президентликка киришишдан олдин «Америка қайтди» деган ибораси билан қай даражада мос?

Вьетнам билан баъзи таққослашлар қилинди. АҚШ фуқароларининг коммунистик кучлар қўлига ўтаётган шаҳардан вертолётлар билан эвакуация қилиниши газеталарнинг мана шундай ўхшатишларига сабаб бўлди. Аммо юзаки ўхшашликларга қарамай, бу икки ҳолатда жиддий фарқлар ҳам бор.

Жанубий Вьетнам АҚШ қўшинлари олиб чиқилганидан икки йил ўтгач қулаганди. АҚШ чиқиб кетгач, Афғонистонда ҳам ўз иттифоқчилари ярим йилгача ҳокимиятда қолишини кутаётганди. АҚШ Вьетнамда шармисор бўлганди. Америка жамияти чуқур бўлинишга учраган, воқеалар армия руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатганди.

Бошқа томондан, Вьетнам совуқ урушнинг фожиали эпизоди бўлса-да, бу урушда АҚШ ғолиб чиқди.

Ўшанда НАТО кучсизланмаганди, АҚШнинг бутун дунёдаги иттифоқчилари Вашингтон уларни қўллаб-қувватлайдими, деган саволни бермаганди. АҚШ тенгсиз бир супер куч эди.

Афғонистон эса Вьетнамдан кескин фарқ қилади. АҚШнинг Афғонистондаги операцияси аҳоли орасида Вьетнам урушига ўхшаш ички бўлиниш яратмади. Умумий бир норозилик бўлса-да, Афғонистон миссиясини тугатиш чоралари кўрилмади.

1975 йил. Сайгондаги АҚШ элчихонасининг эвакуация қилиниши / Getty Images

Энг муҳими, бугунги халқаро саҳна 1970-йиллардагидан тубдан фарқ қилади. Умуман олганда, АҚШ ва Ғарб бугун бир неча можаронинг ичида ва улардан фақат айримларидагина аниқ бир муваффақият мавжуд.

Афғонистоннинг қулаши терроризмга қарши кураш деб аталувчи операциялар учун ҳам потенциал фалокат бўлди. Вашингтоннинг бу муваффақиятсизлиги демократия ва авторитаризм ўртасидаги кенг қамровли курашда ҳам улкан муваффақиятсизлик сифатида баҳоланмоқда.

«Толибон» лидерларининг сешанба куни Қандаҳорда ўтказган матбуот анжумани / EPA

Европада, Москва ва Пекиндаги фикрлар

Бу ҳолат Москва ва Пекиннинг кулгисига сабаб бўлади. Ҳеч бўлмаганда, ҳозирча... Демократия ва қонун устуворлигини тарғиб этишни мақсад қилгани айтиладиган Ғарб услубидаги либерал интервенционизм модели Афғонистонда синовдан ўтказилаётганда вайрон қилинди. Бундан сўнг бу каби ташаббусларнинг қўллаб-қувватланиши қийин масала бўлиб кўринмоқда.

Афғонистон лойиҳасини қўллаб-қувватлаган АҚШ иттифоқчилари учун ҳам бу ҳалокатли бўлди. Уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ҳатто Вашингтон билан «алоҳида муносабатлар»ни маъқул кўрувчи инглиз вазирлари ҳам Байденнинг қарорини очиқ танқид қилишмоқда.

Бу ҳолат, бир томондан, Американинг Европадаги иттифоқчилари АҚШга қанчалик қарам эканлигини, иккинчи томондан эса Оқ уй бирор қарор қабул қилгач,  унинг атрофидаги гап-сўзларга қанчалар эътиборсиз бўлишини ҳам кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги воқеалар Ғарб учун ёмон хабардир. Хўш, Пекин, Москва ва ҳатто Исломободдаги юзлар қачонгача кулишда давом этади?

«Толибон»га бошпана берган ва бу ташкилотни ўзининг геосиёсий мақсадлари учун қўллаб-қувватлаган мамлакат Покистон эди. Аммо агар «Толибон»нинг янги маъмурияти аввалгидек бўлса, яъни халқаро терроризм Афғонистонда ўзига янги бошпана топса, Покистон ҳам минтақадаги беқарорликнинг салбий оқибатларига дуч келиши мумкин.

Хитой эса АҚШнинг муваффақиятсизлигидан хурсанд. Агар Байденнинг Афғонистондан чиқиб кетишининг сабаби ўз мамлакати ресурсларини тобора юксалиб бораётган Хитойга қарши ишлатиш бўлса, бу қадам Хитойга Афғонистон ва минтақага кўпроқ таъсир қилиш имкониятини берди.

Бироқ ўртада Хитойни ҳам хавотирга солувчи манзара бор. Хитой Афғонистон билан қисқа чегарага эга. Хитой ўз ҳудудидаги диний озчилик - уйғурларга нисбатан зулм қилмоқда, Пекинга қарши террорчилар томонидан Афғонистон таянч ҳудуд сифатида ишлатилиш эҳтимоли эса уни хавотирга солади. Шу маънода, сўнгги ҳафталарда Хитойнинг «Толибон» билан дипломатик яқинлашувга интилгани ажабланарли эмас.

Беқарорлик ва терроризмнинг қайтиши Россияни ҳам ташвишга солади. Эҳтимол, советлар иттифоқининг 1980-йиллар охирида афғон қабилалари жангчилари томонидан шарманда этилишига ўхшаш ҳолатни АҚШ ҳам бошидан кечираётгани туфайли руслар ўзларини яхши ҳис қилишаётгандир.

Лекин Россиянинг асосий манфаати – асосан унинг иттифоқчиларидан ташкил топган Марказий Осиё хавфсизлигидир.

Россия шу йилнинг ёзида ўз танкларини Тожикистон-Афғонистон чегарасига юбориш орқали машқ ўтказди. Бундан мақсад Афғонистоннинг эҳтимолий қулаши ортидан юзага келадиган можароларнинг қўшни давлатларга «сачраши»га йўл қўймасликка қатъий қарор қилганини кўрсатиш эди.

Яъни Афғонистон мағлубияти қисқа муддатда, шубҳасиз, Ғарбга қарши бўлганларнинг манфаатларига уйғун бўлади. Аммо улар барибир ўз муносабатларини ўзгартиришлари керак.

Бу ҳолатнинг Вашингтон иттифоқчилари учун муайян оқибатлари бўлади.

Мавжуд инқироз фонида НАТО аъзолари, Исроил, Тайван, Жанубий Корея ва Япония АҚШни ишончсиз иттифоқчи сифатида кўрадими?

Агар шундай бўлса, Байденнинг Афғонистондан чиқиб кетиши жуда ҳам даҳшатли қарорга айланади. 

Мавзуга оид