21:24 / 23.08.2021
51705

«Афғонларнинг бир авлоди орзуларини кўмди» – «Толибон»дан қочганлар қаерларга кетмоқда?

«Толибон» Афғонистоннинг деярли бутун ҳудудини назоратига олгани сабабли минглаб афғонлар мамлакатни тарк этишга уринмоқда. Қўшни давлатлардаги афғонлар сони аллақачон 2,2 миллионга етган, мамлакатни тарк этишга уринаётганлар сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Можаролар ва сиёсий беқарорлик туфайли Афғонистонда 3,5 миллион киши уйсиз қолди.

Фото: Reuters

Кобул аэропорти айни вақтда АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатларининг улкан кулранг транспорт самолётлари билан тўлган. Осмонда ҳарбий вертолётлар учиб юради. Ҳар бир самолёт атрофида адоқсиз навбатлар.

Учиб кетмоқчи бўлганларга фақат бир чамадон олишга рухсат бор. Одамлар Афғонистондан - толиблар эгаллаган мамлакатидан қочиб кетмоқда. Одамлар ўз юртини, ҳаётини, орзуларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Уларнинг орасида BBC’нинг собиқ журналист-фрилансери Билол Сарварий ҳам бор. У оиласи билан аэропортнинг учиш майдонига етиб кела олди ва парвоздан олдин озроқ кийимдан бошқасини қолдиришига тўғри келди.

У Сола исмли қизини туғилган мамлакатида ўстиришни истаганди - у бу мамлакатда 2001 йилдан бери рўй берган воқеаларни хорижлик корреспондентларга таржимон сифатида ёритиб келаётганди. У энди қизи қачонлардир ватанни ташлаб кетишга мажбур бўлишганини тушунишига умид қилади.

«Афғонларнинг бир авлоди орзуларини, режаларини ва ўз ҳаётларини кўмди», дейди у.

Шу билан бирга, у кетаётган бўлса-да, таслим бўлмаслигини айтади.

«Афғонистон билан алоқаларимиз - фожиали роман каби. Нима бўлса ҳам биз ундан воз кечмаймиз», дейди Билол.

Қанча афғон мамлакатни тарк этмоқда?

Бу саволнинг жавоби ҳозирча аниқ эмас.

«Толибон» Афғонистоннинг барча чегара ўтиш пунктларини назорат қилмоқда. Қолаверса, улар афғонларнинг мамлакатни тарк этишини истамасликларини ҳам айтишди. Чегарадан фақат савдогарлар ёки тегишли ҳужжатлари бўлганларгина ўтиши мумкин.

«Афғонларнинг аксарияти оддий каналлар орқали мамлакатни тарк эта олмаяпти. Бугун хавф остида бўлган одамларнинг мамлакатдан чиқиш учун аниқ бир йўли йўқ», дейди БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги матбуот котиби жума куни берган баёнотида.

Бироқ баъзи қочқинлар мамлакатни тарк этиш йўлларини топишга муваффақ бўлишди.

«Толибон» Кобулни эгаллаб олганидан кўп ўтмай, бир неча минг афғонистонлик Покистонга ўтган, 1,5 минг нафарга яқин афғон эса Ўзбекистонга кириб, чегарага яқин чодирларга жойлашган.

Кобул аэропортида минглаб афғонистонликлар ўз фуқароларини мамлакатдан олиб чиқиш учун хорижий давлатлар томонидан амалга оширилаётган эвакуация рейсларига «илиниб» қолишга уринмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, 30 мингдан ортиқ одам мамлакатни тарк этган. Бироқ уларнинг қанчаси Афғонистон фуқаролари экани аниқ эмас.

Можаролар кучайгани туфайли бу йил минглаб афғон ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Можаролар туфайли ўз уйини тарк этган инсонлар сони (ойлар бўйича)

Айни пайтга қадар қанча афғон қочиб улгурди?

Афғонларнинг сўнгги ҳаракати кўп йиллар давом этган сиёсий беқарорлик ва зиддиятлар иқлими натижасида вужудга келган тарихий кўчишнинг бир қисмидир.

БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги маълумотларига кўра, бу йил 550 мингдан зиёд инсон ҳатто толиблар мамлакатни ўз назоратига олмасдан бурун можаро туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Бу шуни англатадики, ҳозирда 3,5 миллион афғон мамлакат ичида мажбурий кўчирилган.

Ўтган йил охирига келиб Афғонистон чегараларидагилардан ташқари, тахминан 2,2 миллион қочқин қўшни давлатлардан бошпана сўраган.

Бу йил афғонлар мамлакатнинг аксар қисмида кузатилган кучли қурғоқчилик ва озиқ-овқат танқислиги билан курашишга мажбур бўлишди. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури июнь ойида эълон қилган ҳисоботда 14 миллион одам (аҳолининг учдан биридан кўпроғи) очликдан жабр чекаётгани айтилади.

2 миллиондан ортиқ афғон қочқинлари Эрон ва Покистонда яшайди

Афғон қочқинлари қаерларга кетяпти?

Қўшни давлатлар Покистон ва Эрон ўтган йили энг кўп афғон қочқинлари ва бошпана изловчиларини қабул қилган.

Қочқинлар бўйича олий комиссарлик маълумотларига кўра, 2020 йилда Афғонистондан Покистонга тахминан 1,5 миллион киши, Эронга эса 780 минг киши ўтган.

180 мингдан зиёд афғонистонликни қабул қилган Германия рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган бўлса, Туркия ҳам тахминан 130 минг афғонни қабул қилди.

Аммо Туркияда бошпана сўраб мурожаат қилган, лекин талаблари қабул қилинмаган 125 минг афғон қочқинлари ҳам бор. Бу рақам Германияда 33 минг, Грецияда эса 20 мингни ташкил қилади.

Қўшни давлатлар 2020 йилда афғонларни энг кўп қабул қилди

Афғон қочқинлари энг кўп бўлган мамлакатлар

Мамлакатлар қандай ёрдам бермоқда?

Баъзи давлатлар афғонларга хавфсиз бошпана таклиф қилган бўлса, бошқа давлатлар қочоқларга бошпана бермасликларини маълум қилишди.

Эрон
Эрон Афғонистон билан чегарадаги учта вилоятида қочқинлар учун фавқулодда вазият чодирларини қурди. Бироқ Эрон Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли амалдорларининг айтишича, Эронга ўтаётган ҳар бир афғонистонлик «аҳвол яхшиланганда ўз мамлакатига қайтарилади». БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда Эрон 3,5 миллионга яқин афғонни қабул қилган.

Покистон
Бош вазир Имрон Хон июнь ойида қилган баёнотида агар «Толибон» назоратни ўз қўлига олса, мамлакат Афғонистон билан чегарасини ёпишини айтди. Бироқ ОАВ маълумотларига кўра, бир неча минг афғонистонлик Покистонга ўтган ва энг камида битта чегара пункти очиқ.

Тожикистон
Ҳозирча аниқ рақамлар маълум эмас. Бироқ баъзи маълумотларга кўра, сўнгги кунларда камида бир неча юз афғонистонлик, жумладан, афғон армияси аскарлари Тожикистонга ўтган. Тожикистон июль ойида Афғонистондан 100 минггача қочқинни қабул қилишга тайёргарлик кўраётганини билдирди.

Ўзбекистон
Тахминан 1500 афғон Афғонистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиб, лагерда яшаётгани ҳақида маълумотлар бор. Ўзбекистон ТИВ чегарадан ўтиб келганларнинг 150 нафари толиблар билан музокаралар натижасида, уларнинг хавфсизлиги таъминланиши шарти билан ортга қайтарилгани ҳақида маълум қилган.

Туркия
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳукумат Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш ва Туркияга келаётган қочқинларнинг янги тўлқини олдини олиш учун Покистон билан ҳамкорлик қилишини айтди. Ҳукумат, шунингдек, Эрон чегарасидаги девор қурилишини ҳам тезлаштирди.

Буюк Британия
Англия узоқ муддатда 20 минг афғон қочқинини қабул этишини эълон қилди. Британия ҳукуматининг «Афғонистон фуқароларини кўчириш режаси» биринчи йилда 5 минг афғоннинг Буюк Британияга жойлашишига рухсат беришни назарда тутади ва бунда биринчи навбатда «Толибон» даврида энг катта хавф остида бўлган аёллар ва болаларга, шунингдек, диний ва бошқа озчиликларга эътибор қаратилади.

АҚШ
АҚШ қабул этиладиган қочқинларнинг аниқ сонини ошкор қилмади. Аммо президент Жо Байден 500 миллион долларлик иммиграциявий бюджетни тақдим этди.

Канада
Канада 20 минг афғонни қабул қилишини айтди, бунда асосий эътибор «Толибон» хавфи остида бўлганларга, жумладан, ҳукумат ходимлари ва раҳбар аёлларга қаратилади.

Австралия
Австралия ўз мамлакатидан қочган афғонларга гуманитар виза дастурида 3 минг ўрин таклиф этишини эълон қилди. Бироқ бу квота амалдаги гуманитар виза дастурини ҳам қамраб олади ва умумий рақамларда ўсиш бўлмайди.

Европа Иттифоқи
Европа Иттифоқи мамлакатларининг кўплаб раҳбарлари 2015 йилги муҳожирлар инқирози такрорланишининг олдини олишга интилишларини айтишди. Маълумот учун, 2015 йилда кўп сонли бошпана изловчиларга Европа Иттифоқи ҳудудига киришга рухсат берилган ва бунга қарши популистик реакциялар билдирилган.

Германия
Германия баъзи афғонларни қабул қилишини айтди, лекин уларнинг сонини маълум қилмади. 2015 йилда муҳожирларга нисбатан очиқ эшиклар сиёсати юритгани учун кескин танқидга учраган канцлер Ангела Меркел ҳукумат қочқинларнинг «Афғонистонга қўшни мамлакатларда хавфсиз қолиши»ни таъминлашга эътибор қаратаётганини айтди.

Франция
Президент Эммануэль Макрон «Европа Афғонистондан келган ноқонуний муҳожирлар тўлқинидан ўзини ҳимоя қилиши керак»лигини таъкидлади. Унинг айтишича, Франция «энг юқори хавф остида бўлганларни ҳимоя қилади». «Европа мавжуд вазиятнинг оқибатларини бир ўзи кўтаролмайди», деди у.

Австрия
Австрия афғон қочқинларини қабул қилишдан бош тортди. Мамлакат ички ишлар вазири афғон қочқинларини депортация қилишни давом эттириш тарафдори эканлигини билдирди. Бироқ Афғонистонга тўғридан тўғри депортация қилиш мумкин эмаслигини айтиб, қўшни давлатларда «депортация марказлари»ни ташкил этишга кўмаклашишини билдирди.

Швейцария
Швейцария Афғонистондан келувчи катта ҳажмдаги қочқинлар гуруҳини қабул қилмаслигини билдирди.

Шимолий Македония, Албания ва Косово
АҚШ сўровига биноан, Шимолий Македония 450, Албания эса 300 нафар бошпана изловчини вақтинча қабул қилишини айтди. АҚШ иммиграция визалари учун зарурий ҳужжатлар тайёрлангунга қадар қочқинлар шу мамлакатларда қолиши кутилмоқда. Косово ҳам АҚШга кетадиган қочқинларни вақтинчалик бошпана билан таъминлашни режалаштирмоқда, аммо рақамлар келтирилмади.

Уганда
Уганда 2 минг афғон қочқинини қабул қилди. Бу бошпанага муҳтож афғонлар энг кўп бўлган Африка мамлакатидир.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top