Жаҳон | 22:07 / 24.08.2021
67451
9 дақиқада ўқилади

Толиблар Кобул аэропортига олиб борувчи йўлни тўсишди. Афғонистондан сўнгги хабарлар

Кобул аэропортида Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни шошилинч равишда эвакуация қилиш жараёни давом этмоқда. Толиблар эса афғонистонликлар мамлакатдан олиб кетилишини тўхтатмоқчи ва бунинг учун аэропортга олиб борувчи йўл тўсилди.

Marcus Yam / Los Angeles Times / Getty Images

«Толибон» ҳаракати вакили Кобул аэропортига олиб борувчи йўл тўсилгани ва бундан буён аэропортга фақат хориж мамлакатлари фуқаролари ўтказилишини билдирди.

«Биз аэропортга олиб борувчи йўлни тўсдик ва энди хорижликлардан бошқаларни ўтказмаймиз», деди толиблар вакили Забиҳулло Мужоҳид Кобулда бўлиб ўтаётган сўнгги ишларга бағишланган матбуот анжуманида.

У юзага келган мураккаб вазият туфайли барча афғонлар Кобул аэропортини тарк этиши даркорлигини таъкидлаган.

«Аэропорт деворлари остида тўпланган кишилар уйларига тарқалиши керак, уларнинг хавфсизлиги кафолатланади», деган у.

У АҚШ одамларни Афғонистонни тарк этишга чақиришда давом этаётганини қўшимча қилган.

«Биз америкаликлардан одамларни кетишга ундамасликни сўраймиз. Бизга уларнинг истеъдоди керак», деган Мужоҳид ва айни вақтда Афғонистонда ОАВ, шифохоналар, мактаблар, олий ўқув юртлари ҳамда туманлар маъмуриятлари ишлашда давом этаётганини қўшимча қилган.

Бунгача «Толибон» мамлакатни тарк этишни истаган афғонистонликлар, керакли ҳужжатларга эга бўлса, 31 августга қадар уларнинг йўли тўсилмаслигини ваъда қилганди.

Эвакуация муддати узайтирилмайди
Мужоҳид «Толибон» аввалдан белгиланган эвакуация муддатини узайтиришга кўнмаслигини билдирган.

Толиблар НАТО давлатларида хорижий фуқароларни олиб кетиш учун етарлича вақт борлигини, афғонларнинг мамлакатдан кетиши эса улар томонидан маъқулланмаслигини айтиб ўтган.

Бу масала яқин вақтлар ичида ҳал бўлиши кутилмоқда: «Катта еттилик»нинг виртуал саммитида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон АҚШ президенти Жо Байденни америкалик ҳарбийларни Кобул аэропортида 31 августдан кейин ҳам қолдиришга кўндириш учун уриниб кўради.

Шу билан биргаликда, BBC’нинг Британия парламентидаги мухбири Ион Уэллс Байден муддатни узайтириш бўйича қарор чиқариш эҳтимоли жуда пастлигини айтиб ўтган.

«Президентнинг Борис Жонсон билан кечаги телефон мулоқотидан кейин Британия ҳукумати «эвакуациянинг биринчи босқичи»дан кейин ҳам афғонларга ёрдам кўрсатиш режаси зарурлигини эълон қилди», деган у.

Британия мудофаа вазири Бен Уоллес америкалик ҳарбийлар 31 августдан кейин кетмаса, толиблар Кобул аэропортини ўққа тутиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Сўнгги хабарларга кўра, Пентагондагилар ҳам эвакуация 31 августга қадар якунланиши мумкин деб ҳисобламоқда.

«Биз ҳар куни АҚШ фуқаролари, SIV учун даъвогарлар (афғонлар учун махсус иммиграция визаси) ҳамда хавф остида қолган афғонларни олиб чиқиш бўйича улкан қадамлар ташламоқдамиз. Биз ҳозирда ҳам эвакуацияни ой охирига қадар якунлашга улгурамиз деб ҳисоблаймиз», деган АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси Жон Кирби Вашингтондаги ҳар кунги брифингда.

Reuters агентлиги манбаси ҳам Жо Байден эвакуация жараёнини 31 августга қадар якунлашга улгуриш кераклиги бўйича тавсияга кўнган. Пентагон раҳбарияти, муддатни узайтириш Кобул аэропортида бўлиб турган америкалик ҳарбийлар ҳаётига жиддий хавф туғдиришидан хавотирланмоқда.

Америка бош штабининг ҳудудий операциялар бўйича бўлими директори ўринбосари, генерал Ҳэнк Тейлорнинг маълумотига кўра, сўнгги 24 соатда Афғонистондан 21 мингдан ортиқ киши олиб чиқилган. Ўтган кун давомида ўртача ҳар 45 дақиқада Кобул аэропортидан битта Америка самолёти учган.

БМТ: Афғонистондаги вилоятлардан бирида қийноқлар ва қатллар ҳақида хабар берилган
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет унда толиблар афғон ҳудудларидан бирида одамларни қийноққа солаётгани ва ўлдираётгани тўғрисида ишончли маълумотлар мавжудлигини айтди.

Бундан ташқари, Бачелетнинг сўзларига кўра, гувоҳлар толиблар вояга етмаган болаларни аскарликка жалб этаётгани ва аёллар ҳуқуқларини бузаётгани ҳақида хабар қилишган.

«Толибон» вакиллари аёлларнинг ишлаш ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқларини шариат қонунлари асосида ҳурмат қилиш мажбуриятини олганди. Улар шунингдек, этник ва диний озчиликнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳукумат ёки халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилганларни қатағон қилмасликларини билдирганди», дея таъкидлади БМТ олий комиссари.

Толиблар сиёсий ва мафкуравий рақибларни қатл этиш ниятида эмасликлари ҳақида бот-бот такрорлаб, 90-йиллардан буён буткул ўзгаришгани ҳақида айтиб келаётганди. «Биз ўтмишда бўлган ишларни унутганмиз», деганди Мужоҳид.

«Толибон» ўтган сафар Афғонистонда ҳокимият тепасига келганида мамлакатни шариат қонунлари билан бошқарганди. Ўтган ҳафтада мамлакатни яна эгаллаган толиблар аёллар ҳуқуқлари ва ОАВ эркинлиги таъминланиши - бу фақат шариат доирасида бўлишини айтишганди.

Лекин хабарларга кўра, айрим ҳудудларда эрга тегмаган ёш қизлар кўчага чиқишдан қўрқишмоқда - уларни мажбуран жангариларга эрга бериб юборишлари мумкин.

Ўтган ҳафтада Amnesty International июль ойи бошида Ғазни ҳудудида мамлакатдаги диний озчилик бўлмиш ҳазорийлар оммавий қатл қилингани ҳақида хабар қилганди.

Толиблар ўз ҳукуматларида илк тайинловларни амалга оширишди

Pajwook агентлиги «Толибон» ўз ҳукуматида қатор раҳбарлик лавозимлари учун тайинловлар амалга оширгани ҳақида хабар берди. Маълум қилинишича, Гул Оға молия вазири, Садр Иброҳи ички ишлар вазири в.б, Нажибулло разведка хизмати бошлиғи бўлган.

Бундан ташқари, ҳаракат таълим вазири, олий таълим вазири ва Кобул губернатори лавозимларига ҳам тайинловларни амалга оширган.

Мулла Ширин Кобул вилояти губернатори, Ҳамидулла Нумоний Кобул шаҳри мэри этиб тайинланган. Хост вилояти губернаторлигида Муҳаммад Наби Умари иш бошлаган. 

Foreign Policy «Толибон» раҳбарлари Афғонистонни бошқариш учун 12 кишидан иборат кенгаш тузмоқчилиги ҳақида хабар берган.

Кенгаш таркибида Мулла Абдуғани Биродар («Толибон»нинг Доҳадаги сиёсий идораси раҳбари), ҳаракат асосчиси мулла Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб («Толибон» раҳбари ўринбосари, ҳарбий комиссия раҳбари) ва Халил ал-Раҳмон Ҳаққоний («Ҳаққоний тармоғи» гуруҳининг юқори мартабали аъзоси) бўлади. Шунингдек, собиқ президент Ҳамид Карзай ҳамда Ашраф Ғани ҳукуматида ташқи ишлар вазири бўлган Муҳаммад Ҳаниф Атмар ҳам толиблар ҳукуматидан ўрин олиши маълум бўлган.

«Толибон» Аҳмад Масъудни ҳам ҳукмрон кенгашда кўришни истаган, аммо «Толибон» назоратига ўтмаган сўнгги вилоят Панжшерда қаршилик ҳаракатини бошқараётгани туфайли кенгашга кириши даргумон.

Панжшердаги вазият

Айни вақтда Панжшерда бўлиб турган вице-президент Амрулла Солиҳ India Today учун берган интервьюсида Панжшернинг бир қисми толиблар қўлига ўтгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Бу ҳақдаги хабарлар буткул ёлғон, биз вазиятни назорат қилиб турибмиз, одамларнинг руҳи жуда баланд. Одамларимиз борлиғини толибларга қарши туриш учун бағишлаган. Биз конструктив музокараларга тайёрмиз, музокаралар барбод бўлса, қурол кўтариб жанг қилишга ҳам», деган у.

У афғонлар мамлакат Толибонистонга айланишига йўл қўймаслигини таъкидлаган.

Sputnik Афганистан манбаси ҳам толиблар сешанбага ўтар кечаси Панжшерга киргани тўғрисида тарқалган хабарларни рад этди.

«Толиблар аввал ҳам, ҳозир ҳам Панжшерга кира олмади. Улар вилоят чегарасини кесиб ўтгани ҳақидаги хабарлар ёлғон. Вилоятдаги вазият осойишта», деган агентлик манбаси.

Ҳозирда айрим ҳудудларда кичик отишмалар бўлиб тургани айтилмоқда. Толиблар ўз назоратидаги ҳудудлардан туриб артиллериядан ўқ узмоқда.

Аҳмад Масъуд Панжшерни топширишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди, толиблар ҳарбий қўмондони мулла Муҳаммад Ёқуб эса Панжшер бўйича келишувга эришилмаса, ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан огоҳлантирди.

Қаршилик ҳаракати вакили Фаҳим Дашти рус нашрларига берган интервьюсида панжшерликлар толиблар билан музокараларда ҳукуматдан лавозим олиш ҳақида гаплашмаслигини маълум қилди.

«Биз толиблар билан алоқа ўрнатганмиз. Биз тинчлик тарафдоримиз, аммо агар толиблар урушни афзал кўришса, биз 1990-йиллардаги тажрибамизни қўллашга тайёрмиз.

Биз толиблар билан ҳукуматда алоҳида лавозимлар олиш бўйича музокара қилмаяпмиз.

Биз инклюзив ҳукуматга алоқадор муҳим жиҳатларни муҳокама қиляпмиз. Гап шунчаки этник гуруҳларнинг рамзий вакиллари бўлиши ҳақида эмас. Биз истаган ҳукумат унга ишонч билдирган барча афғонларнинг манфаатларини ифода этади», деган у.

Мавзуга оид