Жамият | 13:18 / 25.08.2021
3125
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари ўтирган хизмат машинаси йўл-транспорт ҳодисасига учради

Қашқадарё вилоятида Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари ўтирган Nexia-3 хизмат машинаси йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 22 август куни соат 22:00ларда Қамаши тумани, Элабод маҳалласи, Каттаараб қишлоғи ҳудудидан ўтган маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 4Н314 Лангар-Майданак автомобиль йўлининг 4-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Яккабоғ тумани, Галамулла қишлоғида яшовчи, Яккабоғ туман ҳокимлигида ҳайдовчи вазифасида ишловчи А.Р. Яккабоғ тумани ҳокимлигига қарашли Nexia-3 русумли хизмат машинасини бошқариб келиб, «Лангар» сув омборининг бетон тўсиғига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасига учраган.

Оқибатда, машинада бўлган Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Бўри Файзиев ва яна икки нафар йўловчи турли даражада тан жароҳатлари олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид