Бугун халқимизда “Ташаббусли бюджет” ҳақида тушунча ва тасаввур деярли шаклланиб бўлди. Ушбу лойиҳада иштирок этиш, овоз тўплаш саргузаштлари ва ғолибларнинг қай даражада қувонганига гувоҳ бўлиб келяпмиз. Ғолиблик ҳақиқий байрамга айланиб кетяпти, чунки кўп йиллик қийинчиликлар тугаб, қайсидир муаммонинг ечимига умид боғланмоқда. Бироқ ғолиб бўлишнинг ўзи етарли эмаслигини “Яккабоғ тажрибаси” мисолида кўрдик.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Қайрағоч маҳалласи аҳли 2025 йилда “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумида ғолиб бўлишди. Улар 4644 та овоз тўплашди.

Овоз бериш мавсумида бозорлар, аҳоли гавжум жойларда одамларимиз овоз сотиб олишади. Ўтган-кетганларга ялинишади, маҳалласи учун курашишади. Демак, қайрағочликларга 4644 та овоз тўплаш қанчалик машаққатли меҳнат ва бу йилги ҳисоб-китобларга кўра, 120-130 миллион сўмга тушган.

Ниҳоят, маҳалла учун мавжуд сув иншоотларини таъмирлаш ва қўшимча тўртта артезиан қазиш учун 1,5 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Туманнинг бу ҳудудида ичимлик сувига бўлган эҳтиёж анча баланд. Давлат томонидан тортиб келинган тоза сув аҳолига етмайди. Одамларнинг айтишича, бир неча соатлаб кутиш эвазига икки-уч сатил ичимлик суви олишга улгуришади. Сувга навбатда турганларнинг азоби ва машаққатини очиғи, иссиққина креслода ўтириб, зарурат бўлганда шунчаки, жўмракни бураб ташналигини қондираётган қатлам чуқур ҳис қилмаслиги мумкин албатта.

Бироқ ҳозирги кунга келиб, лойиҳа амалга ошмай қолиш эҳтимоли пайдо бўлмоқда.

Яккабоғ ҳокимияти масъуллари аҳоли билан учрашиб, ҳудуд ерости суви ичишга яроқсиз, деган совуқ хабарни етказган. “Сизларга артезиан қуриб бериш ўрнига бошқа нарса қилиб берайлик, масалан кўчаларингизни асфалт қилиб берамиз”, деган таклиф билдирилган.

Қайрағочликлар таклифни рад қилишган. Одамлар асфалтда, тоза ва текис йўлда юришни исташади албатта, лекин сув бўлмаганидан кейин равон йўллар ҳам унчалик татимас экан.