Марказий Осиё минтақасида кўп йиллардан буён кузатилаётган қурғоқчилик, яйлов ерлари деградацияга учраши ва тинимсиз ўзлаштириб борилиши, концентрат озуқалар нархи кескин ошиб кетиши чорва боқувчиларни жиддий муаммолар билан тўқнаштирмоқда.

Бугун одамларда чорвасини бозорга чиқариб сотиш ёки гўштга топширишдан бошқа чора йўқдек...

Kun.uz Ўзбекистонда чорвачиликнинг шу каби муаммоларига бағишлаб туркум репортаж ва интервьюлар уюштириш орқали бу масалага ҳукумат эътиборини қаратишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Тошкент давлат аграр университети профессори Баҳром Азизов ҳам ҳукумат жиддий ва тезкор ислоҳотлар бошламаса, чорвачилик соҳаси инқирозга қараб кетишидан огоҳлантирди.

— Сўнгги йилларда кўплаб олим, чорвадор ва томорқачилар Ўзбекистон чорвачилиги муаммолари ҳақида чиқишлар қилмоқда. Унга кўра, соҳада яйлов етишмаслиги, озуқа нархи, зот янгилаш, шунингдек, гўшт ва сут етиштиришдаги муаммолар йиғилиб қолган. Сиз соҳа олими сифатида Ўзбекистон чорвачилигининг бугунги аҳволини қандай баҳолайсиз?

— Бу соҳада муаммо кўп. Чорвачиликни ривожлантириш учун кўплаб ишлар қилиниши керак. Шундан қуйидаги бешта йўналишда асосий ислоҳотлар амалга ошириш керак деб ҳисоблайман:

1. Зот яхшилаш;

2. Чорва учун ер майдонлари ажратиш;

3. Озуқа мувозанатини тузиш;

4. Тўғри озиқлантириш;

5. Қулай шароитлар яратиш.

Тошкент давлат аграр университети профессори Баҳром Азизов

Рўйхатдаги дастлабки икки масала давлатга боғлиқ эди ва бу ишлар қилиняпти.

Ўзбекистонда бугун 12 млн бошдан зиёд зотдор қорамол бор. Шундан 4,5 млн боши соғин сигирлар. Демак, бир йил ичида қорамолларнинг умумий сони 2 фоизга (250 минг) ошди.

Ўзбекистонга олиб келинган қорамоллар учун давлат етарли миқдорда ер ҳам ажратяпти. Бу камми? Етарли. Лекин соҳада барибир муаммолар бор. Муаммо шуки, биз ўша қорамолларни тўйдира олмаяпмиз.