14:56 / 27.08.2021
6689

«Навоийазот»да қиймати қарийб 1 млрд долларлик лойиҳа ишга тушмоқда

“Навоийазот” акциядорлик жамиятида “Aммиак ва карбамид ишлаб чиқариш” лойиҳаси ташкил қилинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

“Навоийазот” корхонаси 1964 йилда ишга туширилган. Ҳар сафар келганимда қарийб 60 йил аввал ишга туширилган бу мажмуани, ундан чиқаётган сариқ тутунларни кўриб ўйлардим: “Мен-ку меҳмон бўлиб келяпман, лекин бу ерда яшовчи аҳолимиз соғлиги нима бўлади?”

Мана шу савол мени кўп қийнади ва мажмуани модернизация қилиш, янги қисмларини ишга туширишда, биринчи навбатда, экология талаблари ва энергия тежамкорлигига эътибор беришни вазифа қилиб қўйдим.

Бугун ишга туширилаётган йирик лойиҳалар юқори малакали муҳандислар, лойиҳачи, қурувчи ва молиячилар жамоаси биргаликда олиб борган самарали меҳнат натижаси эканини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай замонавий мажмуаларни қисқа муддатда ишга туширишга катта ҳисса қўшган “Митсубиши” ва барча хорижий ҳамкорларимизга, қурувчи ва пудратчилар, ишчи-ходимларга чуқур миннатдорчилик билдираман.

“Навоийазот” негизида ташкил этилаётган кластерда қатнашиш истагини билдирган австриялик, туркиялик ва хитойлик инвесторларимизга бошлаган ишларида улкан муваффақиятлар тилайман.

Бундай замонавий йирик лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ташланган янги бир йирик амалий қадамдир”, деди президент.

Маълумот учун, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида ташкил қилинаётган “Aммиак ва карбамид ишлаб чиқариш” лойиҳасининг қиймати 985,7 млн долларга тенг.

Top