Спорт | 15:06 / 27.08.2021
22378
1 дақиқада ўқилади

Паралимпиада-2020. Ўзбекистон илк олтин медални қўлга киритди

Токиодаги ёзги Паралимпиадада Ўзбекистон учун илк олтин медални финалда испаниялик рақибни таслим этган пара-дзюдочи Учқун Қуронбоев тақдим этди.

Ўзбекистон делегацияси Токиодаги Паралимпия ўйинларида навбатдаги медални қўлга киритди. 

-66 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган парадзюдочи Учқун Қуронбоев финалда испаниялик Серхио Банон Ибаньесга қарши татамига чиқди ва Golden Score'да рақибини мағлубиятга учратиб, мамлакат делегациясига илк олтин медални келтирди.

Чоракфиналда у Япония вакили Юджиро Сетони, яримфиналда эса Украина вакили Давид Хоравани мағлубиятга учратганди.

-60 кг вазн тоифаси вакили Шерзод Намозов эса бронза медали учун курашда руминиялик Алекс Болого ютқазиб қўйди.

Эндиликда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 3тага етди. Бунгача пара-сузувчи Исломбек Асланов бронза, узунликка сакрашда иштирок этган Асила Мирзаёрова эса кумуш медални қўлга киритишганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш