«Навбаҳор» Канчельскисга 1,6 миллион доллар тўлаб бериши кераклиги айтилди, клуб баёнот берди
Наманганнинг «Навбаҳор» клуби россиялик мураббий Андрей Канчельскисга 1,6 миллион доллар миқдорида қарз тўлаб бериши керак. Бу борадаги ФИФА қарори сурати тарқалди. Унда ёзилишича, Наманган клуби Канчельскисга 30 кун ичида 1,6 миллион доллар тўлаб бериши керак. Шунингдек, ҳар бир ундирилган тўловдан 5 фоиз хизмат ҳақи ҳам белгиланган.
Ҳужжатда Канчельскиснинг «Навбаҳор»даги ойлик маоши 34,5 минг доллар бўлганини кўриш мумкин. Тарқалган ҳужжатга кўра Наманган клуби россиялик мураббийга 9 ойлик маошини (300 минг доллардан кўпроқ) ва қўшимча 1,3 миллион доллардан кўпроқ компенсация тўлаб бериши лозим.
«Навбаҳор» клуби расмий сайтида бу борада баёнот эълон қилинди. Унда айтилишича, қарор ҳали кучга киргани йўқ ва унда бундай жаримага нима асос бўлгани келтирилмаган.
«ФИФАнинг Футболчилар мақоми бўйича қўмитаси томонидан 2021 йил 25 август кунги «Навбаҳор» клуби ва Андрей Канчельскис иши бўйича қабул қилган FPSD-256-сонли қарори ҳали қонуний кучга кирмаган. «Навбаҳор» ПФК ушбу қарор қайси асосларга кўра қабул қилингани бўйича хабардор қилинмагани сабаб тегишли тартибда эътироз (шикоят) йўллайди.
«Навбаҳор» ФИФА қабул қилган мазкур қарорнинг асословчи қисмини ҳали олмаган, қарорнинг нима сабабдан бундай кўриниш олганидан бехабар. Қачонки мазкур қарор юзасидан асословчи сабаблар кўрсатилиб, жараёндан тўлиқ хабардор бўлганимиздан кейин, ушбу қарорга эътироз билдирилади.
Футбол жамоатчилиги, хусусан, мамлакатимиздаги спортга ихтисослашган нашрлардан бундай паллада шошилинч хулоса чиқармасликни, мазкур вазиятда ҳар икки томон манфаатларини назарда тутган ҳолда, расмий ҳужжатлар қонуний кучга киргандан кейин, шунга кўра муносабат билдиришни сўраб қоламиз. Чунки, ҳар қандай янглиш хулоса таъсирида қилинадиган турли чиқишлар футбол жамоатчилигида нотўғри фикр шаклланишига олиб келиши мумкинлигини инобатга олиш даркор», дейилган Наманган клуби баёнотида.
Маълумот учун, Андрей Канчельскис 2018-20 йилларда икки муддат «Навбаҳор» клубини бошқарган.
Мавзуга оид
21:38 / 19.07.2024
«Навбаҳор» Самвел Бабаян ўрнига янги бош мураббийни эълон қилди
14:32 / 29.06.2024
Расман: «Навбаҳор» ва Бабаян ўзаро келишувга асосан шартномани бекор қилишди
12:13 / 17.06.2024
Суперлига. Алижонов қайтган марказий ўйинда кучлар тенг келди — фотожамланма
23:15 / 22.02.2024