Спорт | 17:53
749
1 дақиқада ўқилади

Президент “Навбаҳор” футбол клубининг академиясида бўлди

Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Наманган вилоятига ташрифи доирасида “Навбаҳор” футбол академиясига бориб, ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув-машғулот жараёнлари билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд қилинишича, ёш авлодни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш мақсадида “Навбаҳор” академияси уч йил муддатга дунёнинг етакчи футбол мактабларидан бири саналган Нидерландиянинг “Аякс” футбол академияси бошқарувига берилди.

Келишувга асосан, клублар ўртасида қўшма футбол академияси ташкил этилиб, ўзбекистонлик ёш футболчилар ва мураббийларни тайёрлаш бўйича “Аякс”нинг бошқарув модели жорий этилади.

Ҳозирги кунда академияда хорижий мутахассислар, жумладан, мураббий ва скаутлар фаолият юритиб, маҳаллий ёшларни Европа футбол стандартлари асосида тайёрлаш ишларини олиб боряпти.

Президент академия инфратузилмаси, машғулот майдонлари ҳамда тарбияланувчилар учун яратилган имкониятларни кўздан кечирди. Шунингдек, ёш футболчилар ва хорижий мутахассислар билан суҳбатлашиб, уларнинг режалари билан қизиқди.

Учрашув давомида мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон миллий жамоасининг халқаро майдонлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид