Ўзбекистон | 09:54 / 06.09.2021
2472
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қўл остидаги 33 нафар ходим номига кредит расмийлаштириб, ўзлаштирган катта ҳамшира қўлга олинди

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими катта ҳамшираси қўл остидаги 33 нафар ходим номига кредит расмийлаштириб, ўзлаштириб юборган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими катта ҳамшираси хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, 2017–2020 йиллар давомида қўл остидаги 33 нафар ҳамшира ва фаррошларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, банкдан катта миқдорда кредит расмийлаштирган.

Хабарда айтилишича, ҳамшира ходимларга кредитларда кафил сифатида иштирок этишини, таклифга рози бўлишса, навбатчилик кунларига уларга қўшимча маош, байрам кунлари ва бошқа рағбатлар чиқариб беришини, кредит тўловларини шахсан ўзи тўлашини, ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтган. Шу тариқа аёл 33 нафар ҳамшира ва фаррошнинг номига жами 695 миллион 140 минг сўм кредит маблағи расмийлаштирган.

Қайд этилишича, аввалига кредитни тўлаб келган ҳамшира кейинчалик қолган пулларни тўлай олмаслигини айтган. Оқибатда, кредитнинг қолган қисми суд ва мажбурий ижро орқали жабрланувчилардан ундирилиб, уларнинг ойлик даромадидан ушлаб қолинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳамширага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид