Жамият | 20:49 / 06.09.2021
1915
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ИИБга машинаси йўқолгани ҳақида ёлғон хабар берган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ИИБга машинаси йўқолгани ҳақида ёлғон хабар берган шахсларга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси Чироқчи тумани Дам маҳалласида яшовчи Х.У. таниши Х.Б билан олдиндан ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.Э.нинг номида бўлган, ўзи фойдаланиб келаётган «Жигули» машинасини маҳалладоши Қ.Ж.нинг яшаш ҳовлиси орқа томонига олиб борган. Сўнг 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, навбатчи операторга уйи олдида очиқ ҳолатда қолдирилган «Жигули» машинасини кеч соат 2:00 ларда номаълум шахслар олиб кетганини баён қилган. Айбдор шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб, жиноят содир бўлгани ҳақида ёлғон хабар берган.

Қайд этилишича, Чироқчи туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан мурожаат бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, давлат рақами 70 В 630 ЕА бўлган «Жигули» машинаси номаълум шахслар томонидан олиб қочилмагани, аксинча машина аризачи Х.У томонидан яшаш уйидан узоқ жойга олиб бориб қўйилгани аниқланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Х.У ва Х.Б.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 237-моддаси 2-қисми «а ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Улар Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид