Жамият | 11:34 / 07.09.2021
8642
3 дақиқада ўқилади

Хорижда тиббиёт соҳасида ўқиган талабаларнинг 545 нафари тестдан ўтиб, ўқишни Ўзбекистонда давом эттирадиган бўлди

Хориждан ўқишни кўчириш бўйича 6 мингдан ошиқ талаба мурожаат қилган, уларнинг 545 нафари керакли балларни тўплай олган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон президентининг 2021 йил 22 июндаги “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 15 июлдан талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан бошқа ҳудудидаги давлат олий таълим муассасасига кўчириш тартиби жорий қилинган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланган.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 2 августда 2021/2022 ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларига талабалар (клиник ординаторлар) ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш жараёнларини ташкиллаштириш ҳақида 183-сонли буйруғи қабул қилиниб, унга кўра, 2021/2022 ўқув йилида хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларидан тиббиёт олий таълим муассасаларига ўқишини кўчиришда тест синовлари бўйича ўтиш бали 100 балл этиб белгиланди.

Жорий йил Давлат тест марказининг transfer.dtm.uz электрон тизими орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу масала бўйича 6 372та ариза келиб тушди.

Тест натижаларига кўра, 100 балл ва ундан юқори балл тўплаган талабалар сони 545 нафарни, 56,7-99,9 балл тўплаганлар 2 853 нафарни, 56,6 ва ундан паст балл тўплаганлар сони эса 2 764 нафарни ташкил этди.

Ариза топширганларнинг 210 нафари эса турли сабабларга кўра синовларда иштирок этмаган.

«Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугун кўпчилик хориж тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ва ўқишини юртимиз тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларига кўчириш истагида бўлган ёшлар орасида хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларидан тиббиёт олий таълим муассасаларига ўқишини кўчиришда тест синовлари бўйича ўтиш бали 100 балл этиб белгилангани бироз тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Аввало шуни айтиш керак, тиббиёт йўналиши инсон саломатлиги ва ҳаётига дахлдор соҳа бўлгани ва бу иш ғоят масъулиятли экани боис, жорий йилдан ана шундай янги тартиб ўрнатилди. 

Яъни мазкур қоида мамлакатимиз тиббиёт тизимига етук ва малакали кадрларни етказиб бериш, соҳада чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, ушбу йўналишдаги олий ўқув юртларида таълим сифатини янада ошириш, бу орқали аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида қабул қилинди.

Шундай экан, тиббиёт йўналишида етук мутахассис бўлишни истаган ёшлар учун билим синовлари ҳеч қандай мураккаблик туғдирмайди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид