Жаҳон | 19:37 / 08.09.2021
27975
2 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Дўстум ва бошқа афғон етакчилари тез орада йиғилишини айтди

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар Душанбеда ўтган матбуот анжуманида тез орада маршал Дўстум ва бошқа афғон етакчилари йиғилиш ўтказишини айтди.

Элчининг айтишича, Дўстум ва етакчилар Панжшердаги қаршилик кучларини қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилишади. Матбуот анжуманида элчи Афғонистон ислом республикаси номидан қатнашаётганини бир неча марта таъкидлади. Жаноб Агбар Панжшердаги қаршилик кучлари ҳамон «Толибон»га қаршилик кўрсатаётганини айтди.

«Қаршилик кучлари сафида нафақат тожиклар, балки пуштунлар, ўзбеклар ва ҳазорийлар ҳам бор. Қаршилик кучлари ҳамон ўз позициясида турибди. Ҳудудда ҳарбий ҳолат, одамлар дарани тарк этиб, тоғларга чиқиб кетган. Ишончим комил, тез орада «Толибон» Панжшер нима эканини билиб олади. Ва яна ишонаманки, қаршилик Панжшер билан тугамайди ва бутун афғонистон бўйлаб тарқалади», деди элчи.

Шунингдек, Афғонистон элчиси қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд ва Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ Тожикистонга қочиб ўтмаганини айтди: «Аҳмад Масъуд хавфсизлик чоралари сабаб жамоатчилик билан алоқада эмас. Амрулло Солиҳ эса Панжшерда бўлиб турибди ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматини бошқаришда давом этмоқда».

Муҳаммад Зоҳир Агбар Душанбедаги матбуот анжуманида толиблар Панжшерга ҳужумлар вақтида болалар ва қарияларни уйидан чиқариб отиб ташлаганини айтди. Шунингдек, элчи Покистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашганини айтиб, яқинда Покистон разведкаси раҳбари Афғонистонга келгани бунинг исботи эканини мисол қилди.

Элчи қаршилик кучлари ўз позициясида турганини айтган бўлса-да, «Толибон» Панжшерни назоратга олганини маълум қилган. Толиблар ва қаршилик кучлари ўзаро урушлар бошлангандан буён бир-бирига қарши «ахборот уруши» қилиб турибди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид