Жаҳон | 19:23 / 08.09.2021
14017
2 дақиқада ўқилади

Толиблар АҚШдан музлатиб қўйилган давлат захиралари берилишини сўради – ОАВ

Халилурраҳмон Ҳаққоний Қўшма Штатлар ва БМТни "Толибон" етакчиларининг исмларини қора рўйхатдан чиқариб ташлашга ва ҳаракат билан муносабатларни тиклашга чақирган.

Фото: Rahmat Gul / AP

“Толибон” ҳаракати АҚШ ҳукуматига Америка томонидан музлатиб қўйилган Афғонистон давлат захираларининг мамлакат янги ҳукуматига берилишини сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда қочқинлар ишлари бўйича вазир Халилурраҳмон Ҳаққоний маълум қилди, деб хабар берди Shamshad телеканали.

Унинг сўзларига кўра, толиблар шунингдек, Вашингтондан “Афғонистонни тиклаш учун ажратилган миллиардлаб долларларга” қўйилган тўсиқни ҳам олиб ташлашни сўраган.

Ҳаққоний Қўшма Штатлар ва БМТни “Толибон” етакчиларининг исмларини қора рўйхатдан чиқариб ташлашга ва ҳаракат билан муносабатларни тиклашга чақирган.

Сентябр бошларида Афғонистон марказий банки ҳам АҚШга ана шундай сўров билан мурожаат қилган, аммо Reuters агентлигининг маълумот беришича, АҚШ маблағларни беришни рад этган.

15 август куни Қўшма Штатлар Афғонистон марказий банкининг АҚШда сақланаётган активларини музлатиб қўйганди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, апрел охирида Афғонистон марказий банкининг валюта захиралари 9,4 млрд долларни ташкил этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид