Ўзбекистон | 11:52 / 09.09.2021
6813
2 дақиқада ўқилади

Электр энергияси ва газ бўйича ижтимоий истеъмол нормалари киритилади - Шавкат Мирзиёев 

Ўзбекистонда давлат корхоналарининг трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари тезлаштирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон либерал-демократик партияси қурултойида маълум қилди.

“Энди самарасиз корхоналар давлатдан қўшимча ёрдам олмасдан, хусусий сектор каби  “ўз аравасини ўзи тортиши” шарт. Бунда, машинасозлик, кимё, нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, транспорт каби тармоқлардаги 23 та йирик корхона халқаро кредит рейтингларини олиш орқали ички ва ташқи молиявий бозорларга мустақил чиқиб, инвестиция лойиҳалари учун ўзи маблағ жалб қилиши талаб этилади.

Шунингдек, энергия ресурслари бозори эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади. Натижада, 2026 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт - соатга оширилади ва жами 100 миллиард киловатт - соатга етказилади.

Келгуси йилда табиий газ бўйича ҳам эркин бозор тамойилларини жорий этиш ишлари бошланади. Электр энергияси ва табиий газ бозорларини эркинлаштириш билан бирга, эҳтиёжманд аҳолимизни ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилади.

Шу билан бирга, банк тизимини трансформация қилиш орқали хусусий банкларнинг улуши, жами банк активларининг 60 фоизига етказилади. Умуман, 2026 йилга бориб, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши  67 фоиздан 80 фоизга, экспорт ҳажмида эса 32 фоиздан 60 фоизга ўсиши таъминланади”, деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид