22:06 / 10.09.2021
11143

Трамп Байден билан бокс қоидалари бўйича жанг ўтказиш истагини билдирди

Фото: Getty Images

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байден билан бокс қоидалари бўйича жанг ўтказиш истагини билдирди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.

“Хавфли бўлиши мумкинлиги сабабли профессионал боксчидан бошқа бирон-бир кимни рақиб сифатида танлашим керак бўлса, унда Жо Байденга қарши жанг мен учун энг осони бўлади”, деб айтган Трамп.

Собиқ президентнинг айтишича, бундай жанг узоқ чўзилмайди. “Фикримча, уни тез мағлуб этаман. Ўйлашимча, у бир неча сониядаёқ нокаутга учрайди”, деб давом эттирган Трамп.

8 сентябрда Трамп ўз ўғли билан бирга америкалик Эвандер Холифилд ва бразилиялик Витор Белфорт ўртасидаги бокс жангини шарҳлаши маълум бўлди. Жанг 11 сентябрда Ҳолливуд шаҳрида бўлиб ўтади.

58 ёшли Холифилд оғир вазнда жаҳон чемпиони бўлган. У The Ring нашри талқинига кўра уч марта (1987, 1996, 1997 йиллар) йилнинг энг яхши боксчи деб топилган. Машҳур боксчининг ҳисобида 57 та жангдан 44та ғалаба ва 10 та мағлубият бор.

Витор Белфорт UFC’нинг ярим оғир вазндаги собиқ чемпиони бўлиб, 2018 йилда фаолиятини якунлаганини эълон қилган. Унинг ҳисобида 26 та ғалаба ва 14 та мағлубият бор.

Top