Фан-техника | 21:00 / 15.09.2021
31460
2 дақиқада ўқилади

LG компанияси 1,7 миллион долларлик 325 дюймли телевизор ишлаб чиқди

Фото: LG Electronics

LG компанияси янги телевизорлар қатори DVLED Extreme Home Cinema’ни тақдим қилди. Қаторнинг флагман қурилмаси 325 дюйм ўлчамга эга 8K-телевизор ҳисобланади. Таъкидланишича, қатордаги базавий 108 дюймли HD-телевизор нархи 70 минг доллар, 325 дюймли телевизор нархи эса 1,7 млн доллар туради.

Янги қурилмалар Direct View LED технологияси негизида ишлаб чиқилган экранлар билан таъминланган. Ушбу технологияда экрандаги тасвир кичик ўлчамли ёруғлик диодлар ёрдамида шакллантирилади. Компанияда янги телевизорлар юқори сифатли тасвирни таъминлаган ҳолда камида 100 минг соат ишлаб беришига ваъда берилган.

LG DVLED Extreme Home Cinema қатори томонлари нисбати 16:9 ва 32:9 бўлган 9та моделни ўз ичига олган. Қаторда 108 дюймли, HD ва 2K экранли телевизор базавий модел ҳисобланади. Ўлчами 163 дюймдан 393 дюймгача бўлган моделлар 4К-экран билан таъминланган.

Таъкидланишича, қаторнинг флагман қурилмаси – 325 дюймли телевизор ишлаш вақтида ўзидан кўп миқдорда иссиқлик чиқаради ва шу сабабли у ўрнатилган хона ҳавони самарали совитиш тизимига эга бўлишни талаб этади.

Мавзуга оид