Ўзбекистон | 09:58 / 17.09.2021
6359
8 дақиқада ўқилади

Адлия вазири: «Қайси мамлакатда давлат органларига халқнинг ишончи юқори бўлса, вакцинация даражаси шунча юқори бўляпти»

Адлия вазири Русланбек Давлетов 14 сентябрь куни Тошкент давлат юридик университетида вазирлик тизимидаги таълим муассасаларининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари билан ўтказилган учрашувда соҳадаги қатор муаммоларга тўхталган.

Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова вазир нутқидан айрим муҳим парчаларни келтирди.

Унда айтилишича, вазир илмий фаолиятнинг амалиётга ва бугунги кунга етарли даражада боғлиқ эмаслиги, юридик соҳада яратилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сиёсий-ижтимоий ҳаётдан узилиб, тобора назарийлашиб ва енгиллашиб бораётганига тўхталган:

Биз ер ҳуқуқи бўйича катта қадамларни қўйдик. Бу ишлар илмий жиҳатдан жиддий тадқиқ қилиниши лозим эди. Нима учун ерга эгалик ҳуқуқи берилмаган шу пайтгача? Умрбод эгалик ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи каби тушунчаларни очиб берадиган илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинмади, изланишлар йўқ. Умуман, ерга эгалик ҳуқуқини тарихий контекстда назария ўлароқ тадқиқ қилиш, юртимизда ер ислоҳотининг истиқболини прогнозлаш ҳақидаги илмий изланишларни кўрмадик”.

Тадқиқотларда илгари сурилган таклифлар етарлича чуқур ўйланмагани ва фундаментал аҳамиятга эга таклифлар озлиги ҳақида ҳам фикр билдирилган:

Масалан, жазони ижро этиш муассасаларидаги аёллар ҳуқуқлари бўйича тадқиқотни олайлик. Бу борада муаммолар кўп: муддатини ўтаб, муассасадан чиққан аёллар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, реабилитация, адаптацияга кўмаклашиш бўйича қилинадиган ишлар анча. Лекин илмий тадқиқот ишида муассасада жазо ўтаётган аёлларга “посилка” бериш механизмлари ҳақида таклифлар бериляпти. Шундай катта мавзуда шундай майда таклифлар бериляпти.

Илмий ишлар жиддий мавзуларда ва чуқур таҳлилий характерда бўлиши лозим. Бундан кейин бунақа енгил-елпи илмий иш қилиш бўлмайди. Энди алоҳида талаблар ва механизмлар ишлаб чиқилади. Олим номига лойиқ бўлиши керак PHD ёқлаган одам”.

Илмий янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши бўйича кўзбўямачиликлар бўлаётгани танқид қилинган:

Бу борада кўзбўямачилик кўп. “Амалиётга жорий этилди деб хат ёзиб беринг, керак эди”, деб хат қилдириб олишади. Бунақаси кетмайди. Амалиётга жорий этиш масаласига унақа фанатик ёндашув яхши эмас. Амалиётга жорий этилмаса, бу ҳали ишнинг аҳамиятини пасайтирмайди. Масалан, қанча утопик асарлар бор, инсоният тафаккурини ўстирган. Бугун жорий этилмаса эртага, беш-ўн ё ундан кўп йиллардан кейин жорий этилар. Асосийси, булар яхши, ишлайдиган, фойда берадиган таклифлар бўлиши лозим”.

Назарияларнинг амалиётга боғланиши юриспруденция соҳасида нима учун муҳимлигини вазир қуйидагича изоҳлаган:

Нима учун “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби жуда муҳим ижтимоий лойиҳалар бўйича айрим ҳолатларда шикоятлар бор? Чунки фуқароларни бу рўйхатларга киритиш мезонлари ва тартибларини охиригача мукаммал ва объектив мезонлар асосида шакллантириш жараёнида масалалар бор. Ҳар қандай ислоҳотлар самарадорлиги ҳуқуқий институтларнинг самарали ишига боғлиқ. Шу институтларни ишлатишни тўғри йўлга қўйиш, бунинг илмий асосларини яратиш устида ишлаш керак. Назариялар амалиётга боғланмаса, улардан наф йўқ”.

“Осон” талабалик ва таълим машаққати ҳақида:

Одамлар чет элга бориб пул тўлаб университетга киряпти, ўқишга бормаяпти ҳам, бир йилдан кейин биздаги нуфузли университетга ўқишни кўчириб ўқияпти. Бу қанча ўқиб, бир балл, ярим балл етмай ўқишга кира олмаганларга нисбатан адолатсизлик-ку. Кейин айрим талабалар домлалар билан баҳо талашиб, унинг устидан ёзиб, шантаж қилиб баҳо олиб кетяпти. Унақа бўлмаслик керак. Ўқиш бунчалик осон бўлмаслиги керак, унга киргандан кейин меҳнат қилиб ўқиш лозим. Хориж университети талабаларини қаранг, имтиҳонларни топширолмай, ҳатто орасида ўз жонига қасд қилганлари ҳам бор. Биз ундай даражага олиб боришни истамаймиз, аммо талаба ва домлалар муносабати уйғун ва мувозанатли бўлиши керак. Талаба аввало ўқиши, кейин талаб қилиши лозим”.

Дарсликлар ҳақида:

Дарсликлар тили мураккаб, бир жумласи ярим бетлик. Талаба уни ўқиб тушунмайди, ёдлайди. Кейин таҳлил қилмай, тўтиқушдек қайтариб беради. Бу таълим эмас-да. Талаба асосий билимни дарсликдан олиши керак, маърузалар йўналтирувчи бўлади. Бизга янги ва яхши дарсликлар керак. Юридик дарсликлар бўйича инқироз бор”.

Снос, давлатга ишонч, вакциналар ҳақида:

Снос масаласи халқнинг давлат органларига ишончи ва имижига таъсир қилмади дея оламизми? Одамлар бир-бирини ёқиш орқали муаммони ҳал қилиши – бу цивилизациянинг ортга кетиши эди. Буни нега ўрганмайсизлар? Нега юридик университет домлалари бу борадаги ҳуқуқий муносабатларни ўрганмайди? Бировларнинг мулкини олиб қўйиш тартиби, механизмлари ва чекловлар масаласини илмий ўрганса бўлади-ку.

Халқнинг давлат органларига ишончи нақадар муҳимлигини вакцинация жараёнида кўрдик. Қаерда, қайси мамлакатда давлатга халқнинг ишончи юқори бўлса, вакцинация даражаси шунча юқори бўляпти – булар ўзаро тўғри пропорционал. Бизда вакцинация жуда яхши кетяпти деб айта олмаймиз, чунки одамларда ишончсизлик ҳамон мавжуд (Бошқа давлатлардагидек бир хил вакциналар келтирилаётган бўлса-да). Бунинг сабаблари ҳам қонунийлик ва ҳуқуқийликнинг таъминланганига боғлиқ. Ўрганиш, тадқиқотлар борми бу ҳақда?

Маънан эскирган меҳнат қонунчилиги тўғрисида:

Меҳнат бўйича муаммолар кўп, таклифлар кам. Мазмунан совет давридаги Меҳнат кодекси ишлаяпти ҳалиям. Унинг талабларини, яъни қатъий белгиланган ижтимоий юкламаларни бажара олмай, тадбиркорлар яширин иқтисодиётга ўтиб кетяпти. Меҳнат қонунчилиги бугунги реалликдан ортда қоляпти, ишламаяпти шунга. Ходим уч ойлаб ишламаса ҳам тадбиркор унга ойлигининг 70 фоизини “больничний” қилиб тўлаб юравериши керак. Пул топиш осон эмас, тадбиркор бундай ишлолмайди. Натижада у ҳам ўз қоидаларини яратяпти: ходим ишга кираётганидаёқ бўшаш ҳақида аризаси санасини қўйдирмай ёзиб оляпти. Бу муносабатларни замонавийлаштириш керак”.

Шу ўринда бир ўқитувчи вазирга мавжуд бир қатор муаммоларни айтган:

Қатъийроқ талаб қўйган домлалар устидан талабалар ректорнинг ботига ёзади, бу домлаларга босимни юзага келтиряпти. Майли ёзсин, аммо унинг шикояти комиссияда кўрилиши керак.

Яна домлалар билан муддатли меҳнат шартномаси амалиётини тўхтатиш лозим. Бу худдики ўқитувчини ишга олмасдан аввал бўшашга ариза ёздириб олишдек гап. Чунки шартнома муддати тугагач, домла билан яна шартнома тузиладими, йўқми номаълум. Бу ўқитувчиларнинг эртанги фаолиятга ишончини камайтиради.

Шунингдек, ўқитувчилар билан конструктив мулоқот майдони йўқ. Кенгашга киролмаймиз. Талабанинг фикрини эшитадиган ректорнинг боти бор. Домлаларни эшитадиган янги платформа очиш керак.

Таълим сифатини назорат қилиш механизми ҳам нотўғри. Талабалар ўқитувчини баҳолаяпти. Ўқитувчи талабага паст баҳо қўйса, талаба ҳам паст қўйяпти. Аслида экспертлар дарсни кўриб, эшитиб баҳолаши керак”.

Маълумот учун, Тошкент давлат юридик университетининг аввалги ректори Раҳим Ҳакимов шу йилнинг июн ойида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари этиб тайинланганидан сўнг, ректорлик лавозими вакант бўлиб турибди.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид