Ўзбекистон | 17:28 / 18.09.2021
19696
3 дақиқада ўқилади

Электр тармоғига ноқонуний уланган истеъмолчилар қандай аниқланиши маълум қилинди

Электр энергиясига ноқонуний уланган истеъмолчилар “ақлли” ҳисоблагичларнинг марказлашган тизими орқали фош этилади. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” бошқарув кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, акциядорлик жамиятида ноқонуний электр энергиясидан фойдаланувчиларни фош этувчи гуруҳлар мавжуд. Бу гуруҳ Электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲОАТ) орқали қаерда ўғирлик бўлаётгани, электр тармоғининг қайси қисмида, қайси подстанцияда, қайси трансформаторда катта йўқотишлар борлигини кўргач, жойига чиқади ва ўша ердаги ноқонуний уланишларни аниқлайди.

“Бу гуруҳ айнан электр тармоғига ноқонуний уланган истеъмолчиларни аниқлаб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда уларга жарима қўллаш ёки қонунбузарларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи билан шуғулланади”, - деди Жаҳонгир Обиджонов.

Обиджонов гуруҳнинг шаффоф ишлашини ким назорат қилади, деган саволга қуйидагича жавоб берди.

“Тармоқнинг бирор жойида катта йўқотиш аниқланганини фақатгина юқоридаги гуруҳ кўриб турмайди, балки Электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими бўлимлари, диспетчерлар ҳам кўриб туради. Ҳар бир туманда кичик ЭҲОАТ дата маркази қурилган, вилоятда ҳам худди шундай марказ бор. Қолаверса, республика Дата марказининг маълумотларни қайта ишлаш бўлими ҳам кузатиб боради.

Агар гуруҳ жойига чиққач, электр энергияси билан боғлиқ йўқотишлар барҳам топмаса, ушбу гуруҳга нисбатан чора кўрилади. Шунга биноан, гуруҳ боргач, электр энергиясини етказиб бериш тармоғида ўзгариш бўлиши керак”, - деди Обиджонов.

У, шунингдек, соҳадаги қарздорликларни йўқотиш ва истеъмолчиларни тўлов интизомига ўргатиш ҳамда электр энергияси ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш мақсадида “ақлли” ҳисоблагичлар барча истеъмолчиларни қамраб олгани, эндиликда, электр энергияси учун тўловлар фақатгина мобил иловалар ёки банк шохобчаси орқали амалга оширилишини, тўловларни қабул қилишда инсон омили бартараф этилганини билдирди. 

“Ақлли” ҳисоблагичлар жорий қилинмасдан аввал, электр тармоқлари инспекторлари корхоналарга, истеъмолчиларнинг уйларига бориб, уларни безовта қиларди. Шу рақамлаштириш орқали инсон омили деган нарса бартараф этилди. Жойлардаги коррупция ҳолларини йўқотиш мақсад қилинган эди ва бунга эришилди. Эндиликда, электр тармоқлари ходимлари тўловни шахсан олмайди, балки тўлов мобил иловалар ҳамда банклар орқали амалга оширилади.

Тизимда электр энергиясини етказиб беришда ҳам рақамли технологияларни қўллаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда “ақлли” подстанциялардан трансформаторларга бўлган қисмларда, яъни подстанцияга кириш-чиқишида, фидерларда ва тақсимлаш пунктларида ўлчов ускуналари ва ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Бунинг ёрдамида қаерда юкламалар, йўқотишлар катталигини ёки авария ҳолатларидан ўз вақтида маълумот олиш мумкин бўлди. Натижада аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф чоралари кўрилади”, - деди Жаҳонгир Обиджонов. 

Мавзуга оид