18:32 / 18.09.2021
2838

Навоийда кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди. 26 ёшли йигит ҳалок бўлган

Бугун, 18 сентябрь куни Навоий шаҳри Ислом Каримов кўчасидаги 64-уйнинг хонадонларидан бирида ёнғин содир бўлган. Бунинг оқибатида 26 ёшли йигит вафот этгани айтилмоқда.

Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ёнғин ҳақида соат 01:45да хабар келиб тушган. Соат  01:49да воқеа жойига етиб борилиб, ёнғин ўраб олинган. Ёнғин оқибатида Р.Р.га тегишли хонадоннинг 20 квадрат метр қисмида уй жиҳозлари ёнган, 45 квадрат метр қисми сақлаб қолинган.

Шунингдек, 1995 йилда туғилган Э.З. ёнғин-қутқарувчилари томонидан ёнғин ичидан олиб чиқилган ва тиббиёт ходимларига топширилган. Тиббиёт ходимлари эса 40 фоиз куйиш жароҳатини олган йигитнинг ўлим ҳолатини қайд қилишган.  

Олдинроқ Навоийда оҳак ишлаб чиқариш цехида содир бўлган ёнғинда бир киши ҳалок бўлганди.

Top