Спорт | 22:11 / 18.09.2021
29174
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёлик футболчи калтакланганини айтди. «Сурхон» у клуб раҳбарини ҳақорат қилганини маълум қилди

Интернетда Термизнинг «Сурхон» клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов 3 киши томонидан дўппосланганини айтиб берган видео тарқалди. Унда футболчи ўзини клуб директорининг ўғли, жамоа сардори Асрор Ғофуров ва спорт директори Абдумажид Тоиров дўппослаганини айтган.

Жавоҳир Эсонқулов

Бу ҳолат футбол жамоатчилигида кенг муҳокама қилинди. «Сурхон» клуби бу борада баёнот берди. Унда айтилишича, Эсонқулов клуб раҳбарининг кабинетига кираверишдаги деворга уни ҳақорат қилувчи сўз ёзиб қолдирган. Футболчи бундай ёзув ёзгани ҳақида тушунтириш хати ҳам ёзиб берган. Хат клуб Telegram каналида эълон қилинди.

Термиз клуби баёноти

«Бир неча дақиқа олдин ижтимоий тармоқлар орқали «Сурхон» клуби собиқ футболчиси Жавоҳир Эсонқулов ўзини калтаклаганликлари бўйича тегишли органларга мурожаат қилганлиги тўғрисидаги видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирибди.

Захира ўриндиғидаги Жавоҳир Эсонқулов
«Динамо» — «Сурхон» ўйинида

Воқеликни бошидан бошлаймиз:

1. «Сурхон» клуби ва собиқ футболчи Жавоҳир Эсонқулов билан тузилган меҳнат шартномаси 2021 йилнинг 21 июл куни иккала томоннинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган ва футболчи клубдан ҳеч қандай молиявий эътирози йўқлиги ҳақидаги расмий хужжатга қўл қўйиб тасдиқлаб берган. Шундан сўнг футболчи ПФЛ рўйхатидан чиқарилган.

2. Собиқ футболчи шартнома бекор қилинган бўлса-да, клуб офисига доимий ташриф буюриб, яна қўшимча пуллар талаб қила бошлаган.

3. Собиқ футболчилар Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев ўзаро тил бириктириб, клуб офиси эшиги ёнида клуб раҳбари номига нисбатан қўпол сўзлар билан унинг шахсини камситган.

4. Клубдаги бу вазиятлардан хабар топган жамоа сардори Асрор Ғофуров вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳар иккала футболчини клуб офисига олиб келган ва бу сўзларни нега ёзгани бўйича изоҳ сўраган. Дастлаб футболчилар ушбу сўзларни улар ёзмаганликларини айтишган, лекин уларнинг ҳар бир ҳаракати клуб офисида ўрнатилган кузатув камераларида ёзиб олинган.

5. Жамоа сардори Асрор Ғофуров футболчиларга шу жамоада ўйнаб, шу жамоани нонини еб, тузлиғига тупурмаслик кераклигини тушунтирган ва ўртада зиддият пайдо бўлиб, иккала футболчи бир-бирлари билан муштлашиб кетган.

6. Клуб спорт директори Абдумажид Тоиров ва клуб биринчи вице-президенти А.Абдураҳмонов ҳар иккала футболчини ажратиб, уларни яраштириб қўйишган.

Қуйида собиқ футболчилар Ж.Эсонқулов ва А.Ходжаев ўз айбига иқрор бўлиб, ёзма равишда узр сўрашган:

Собиқ футболчиларга Ўзбекистонда қонун устувор эканини, ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида эканини, унинг шахси камситилишига йўл қўйилмаслигини эслатиб қўймоқчимиз», дейилади «Сурхон» клуби баёнотида.

Маълумот учун, 24 ёшли Жавоҳир Эсонқулов Сурхондарё вилоятида туғилган. Фаолияти давомида «Бунёдкор», «Металлург», «Насаф», «Қўқон-1912» жамоаларида ўйнаган. Фаолияти аввалида эса Россиядаги ёшлар жамоасида ҳаракат қилган.

Мавзуга оид