«Ортдан урилган пичоқ»: Пекин ва Париж АҚШ, Буюк Британия ҳамда Австралия иштирокидаги янги альянсдан нега норози?
Хитой ва Франция АҚШ, Бирлашган Қироллик ҳамда Австралия ўртасидаги янги мудофаа пактидан норозилик билдирмоқда - гарчи турлича сабаблар билан бўлсада. Пекин бунга жавобан Осиё-Тинч океани савдо пактига қўшилишни истамоқда.
Франция АҚШ ва Австралиядаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олганини маълум қилди. Франция ТИВ бу фавқулодда қадам бўлганини тан олган, аммо Париж вазият жиддийлигидан келиб чиққан ҳолда бу қарорни оқилона деб ҳисоблайди. Франция Австралия атомли сувости кемалари қуриш учун технологияга эга бўлишидан ҳам хавотирда.
АҚШ президенти Жо Байден, британияликлар бош вазири Борис Жонсон ҳамда унинг австралиялик ҳамкасби Скотт Моррисон чоршанба куни AUKUS номли (иштирокчи давлатларнинг бош ҳарфлари) янги мудофаа альянси тузилганини эълон қилишди, кўплаб кузатувчилар буни тарихий воқеа сифатида қайд этишди. Бу Иккинчи Жаҳон урушидан кейин бу давлатлар ўртасидаги тузилган энг йирик ҳарбий ҳамкорлик шартномасидир.
Шартнома доирасида мамлакатлар илғор технологияларни ўзаро алмашади, шунингдек, улар киберхавфсизлик ва сунъий интеллект каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Альянс иштирокчилари Хитойни тўғридан тўғри тилга олмаяпти, аммо бу келишув Самовий салтанатнинг Тинч океанидаги ҳарбий қудрати ўсишига қарши туриш учун тузилгани яққол кўриниб турибди.
Politico шу йўл билан Ғарб иттифоқчилари Хитойнинг ҳарбий ва технологик соҳада кучайишига қарши ҳаракат қилмоқчи эканини ёзди. АBC телеканали янги ҳамкорлик Пекиннинг, айниқса, баҳсли Жанубий Хитой денгизидаги минтақавий таъсирига қарши туриши кераклигига эътибор қаратди.
Австралия французлар концерни Naval Group билан 90 миллиард Австралия доллари (66 миллиард АҚШ доллари)га 12та сувости кемаси етказиб бериш бўйича тузилган шартномани бекор қилди, эндиликда улар кемаларни ўзлари ишлаб чиқармоқчи.
AUKUS доирасидаги биринчи қадам Австралияга атомли субмариналар қуриш технологиясини етказиб бериш бўлади, лекин бу кемалар ядро қуролларига эга бўлмайди.
Шу тариқа, Австралия атомли сувости кемалари билан қуролланган дунёдаги еттинчи давлатга айланади. Стратегик тадқиқотлар халқаро институти маълумотига кўра, АҚШда бундай кемалардан 68та бор, Россияда 29, Хитойда 12, Британияда 11, Францияда 8, Ҳиндистонда битта.
«Совуқ уруш ўйлари»
Хитой ТИВ матбуот котиби Чжао Лицзянь AUKUS иттифоқи тузилишини «совуқ уруш ҳақида ўйлаш»га ва «минтақадаги хавфсизликка таҳдид» солувчи «ҳаддан ташқари масъулиятсизлик» ва «калта ўйланган» қадам деб баҳолади.
Инглиз тилида юритиладиган ҳукумат газетасида берилган шарҳда Тинч океани ҳудудида қуролли тўқнашув юзага келгудек бўлса, «биринчи бўлиб» австралиялик аскарлар ҳалок бўлиши ҳақида ёзилди.
«Биз Хитойдан Австралиянинг позицияси бўйича турли ловуллашларни биринчи бор кузатаётганимиз йўқ. Биз ўз демократиямиз билан фахрланамиз ва қўшниларимиз билан тинчлик йўлида бирдаммиз. Ҳақиқат шу, буни ҳеч қандай иғво инкор эта олмайди», деди бунга жавобан Австралия мудофаа вазири Питер Даттон.
Пайшанба куни Британия Вакиллар палатасидаги «ҳукумат соати» вақтида собиқ бош вазир Тереза Мэй ҳукуматнинг ҳозирги раҳбари Борис Жонсондан хитойликлар Тайванга бостириб кирган тақдирда, Бирлашган Қироллик урушга кириш-кирмаслиги борасида сўради.
«Биз халқаро ҳуқуқни қатъий ҳимоя қиламиз ва буни бутун дунёга, шу жумладан Пекинга қатъий билдирамиз», дея жавоб берди Жонсон ва Лондонда Хитой билан душманлик қилиш нияти йўқлиги ҳақида қўшимча қилди.
Жавоб юришими?
Бу вақтда пайшанба куни ХХР савдо вазири Чжан Вэньтао унинг мамлакатини Транс-Тинч океани ҳамкорлигига қўшиш борасида Янги Зеландиядаги ҳамкасби Дамьен О'Коннорга расмий заявка йўллагани ва томонлар ўртасида телефон мулоқоти ўтказилгани маълум бўлди.
Транс-Тинч океани ҳамкорлиги штаб-квартираси Янги Зеландияда жойлашган.
Хитой бу қадамни AUKUS ташкил этилишига жавобан ташлаганини рад этмоқда, аммо кузатувчиларнинг кўпчилиги айнан шундай бўлганига шубҳа қилмаяпти.
Транс-Тинч океани ҳамкорлиги 2016 йил 4 февралида Барак Обама ташаббуси билан Осиё-Тинч океани ҳудудидаги 12 мамлакат (Австралия, Бруней, Вьетнам, Канада, Малайзия, Мексика, Янги Зеландия, Перу, Сингапур, АҚШ, Чили ва Япония) иштирокида, Хитойнинг ўсиб бораётган иқтисодий таъсирига қарши туриш мақсадида ташкил этилган савдо альянсидир. 2017 йил январида Дональд Трамп АҚШ учун манфаатсиз бўлган бу альянсдан чиқишини эълон қилганди.
Айни вақтда Британия ва Таиланд ушбу иттифоққа қўшилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Хитой бошқа минтақавий иқтисодий ташкилот - 2020 йил ноябрида ташкил этилган Минтақавий умумиқтисодий шерикликка (RCEP) аъзо бўлган. Жануби-Шарқий Осиё минтақаси давлатларини (Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин), шунингдек, Австралия, Янги Зеландия, Япония ва Жанубий Кореяни Хитой атрофида бирлаштирган бу иттифоқ тарихдаги энг йирик эркин савдо келишуви бўлганди.
«Ортдан урилган пичоқ»
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Австралия сувости кемалари етказиб бериш бўйича шартномани бекор қилганини «ортдан пичоқ билан берилган зарба» ва Дональд Трамп услубидаги «қўпол, бир томонлама ва кутилмаган» қадам деб атади.
«Бу қарор Франция ва Австралия ўртасида мавжуд бўлган ҳамкорлик руҳига мутлақо зиддир. Биз Ҳинд-Тинч океани минтақасида бемисл қийинчиликларга дуч келаётган маҳалда, Американинг бундай танлов қилиши кўп йиллик иттифоқи Франция четлатилишига олиб келди. Бу эса ҳамкорлик изчил бўлмаганини кўрсатади, Франция бундан афсусланмаса ҳам бўлади», дейилади Ле Дриан ва Франция қуролли кучлари вазири Флоренс Парлининг қўшма баёнотида.
Жума куни кечқурун New York Times газетасида чиққан мақолада аноним қолишни истаган америкалик ва британиялик расмий шахслар Парижни ғазаблантирган ҳақиқатни амалда тасдиқлашди: Вашингтон ва Канберра ушбу шартнома тайёрланишини онгли равишда француз ҳамкасблардан яширишган.
Байденнинг маъмуриятидагилар ва Австралия ҳукумати аъзолари французларнинг дизелда ҳаракатланадиган сувости кемалари эскиргани, радарлар томонидан осон пайқалиши ва Хитойнинг даъволарини тийиб туришда самарали инструмент бўла олмаслигини тушунишарди. Француз сиёсий истеблишменти билан яқин алоқаларга қарамай Байденнинг атрофидагилардан ҳеч ким шу тариқа Франция манфаатлари қурбон қилинишига қарши бўлмаган, чунки Оқ уйдагилар учун биринчи навбатда Хитойни тийиб туриш муҳим ҳисобланади, дея ёзади New York Times.
«Бу америка-француз муносабатларидаги энг қуйи нуқта. Америкаликлар айни вақтда бу шартнома Франция учун жуда зарур эканини билишарди, аммо бунга парво қилишмади», дейди BBC билан интервью чоғида Франциянинг АҚШдаги собиқ элчиси Жерар Аро.
Давлат котиби Энтони Блинкен Париж АҚШнинг муҳим ҳамкори бўлиб қолишда давом этади ва Вашингтон бу давлат билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
«Франция аъзо бўлиб кирган ва кирмаган, шунингдек, Франция қатнашиб, биз қатнашмайдиган иттифоқлар кўп. Бутун дунёда дипломатия шундай ишлайди», дея жавоб берган танқидларга Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.
Франция норозилиги ифодаси сифатида Вашингтонда 17 сентябрь куни ўтиши мўлжалланган, Чесапик денгиз жангининг 240 йиллигига (АҚШ мустақиллиги учун кечган ҳал қилувчи денгиз жангида иттифоқчи французлар флоти британлар устидан ғалаба қозонган) бағишланган юбилейни нишонлашдан бош тортди.
Франция денгиз флотининг Вашингтонда бўлиб турган юқори мартабали вакили маросимга ташриф буюриши кўзда тутилганди, лекин австралияликлар билан шартнома бекор бўлгач, у муддатидан олдин Парижга қайтишга қарор қилди.
Бошқа тадбирлар, жумладан, Мэриленд штатининг Балтимор шаҳрида французларнинг ўша жангда қатнашган «Гермиона» номли фрегати нусхаси бортида ҳамда Аннаполис шаҳри ҳудудидаги ҳарбий-денгиз академиясида гулчамбар қўйиш маросимлари бекор қилинмади.
Бу ҳодиса Россия ТИВ расмийси Мария Захарованинг эътиборидан четда қолмади.
«Бунча ғазаб ва аччиқланиш қаердан? Шартномалар бекор қилиниши Франция учун одатий ҳолат эдику. 2015 йилда Париж Россия билан иккита «Мистраль» авиаташувчиларини етказиб бериш бўйича шартномани бузганди. Ёки фақат ўз орқангда ҳис қиладиган пичоқ зарбаси ёмонроқми?» - дея ёзди у Telegram-каналида.
Захарова эслаган шартнома Россия Қримни босиб олишидан кейин бекор қилинганди.
Тайбэй миннатдор
Хитой ва Ғарб муносабатларидаги асосий зиддиятли нуқта - Тайван масаласи саналади. Таҳлилчиларнинг фикрича, асосан шу Вашингтон, Лондон ва Канберрани AUKUS’ни тузишга ундаган.
Тайван ТИВ матбуот котиби Жоанна Ву АҚШ ва Австралияга «қатъий ва кучли қўллов» учун «самимий миннатдорчилик» изҳор этган.
«Бизнинг ҳукумат Тайваннинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтириш, демократияни ҳимоя қилиш, қонунга асосланган жаҳон тартибини сақлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш учун умумий қадриятларга эга бўлган Қўшма Штатлар, Австралия ва бошқа давлатлар билан яқиндан ишлашда давом этади», деди у жума куни.
Бундан бир неча соат олдин АҚШ ва Австралия ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ўртасида ўтказилган мунтазам маслаҳатлашув иштирокчилари ўз мамлакатлари «бўғознинг икки томони бўйича муаммоларни (Хитойнинг материк қисми ва Тайванни ажратиб туради) таҳдидларсиз ва мажбурловларсиз ҳал қилиш тарафдори» эканини тасдиқлашганди.
Ўз навбатида, ХХР раиси Си Жинпинг ШҲТ йиғилишида онлайн иштирок этиб қилган чиқишида ҳамкорларни «ташқи кучларнинг турли баҳоналар билан минтақа ишларига аралашувига қатъий туриш» ва «минтақа мамлакатлари тараққиётини мустаҳкам тутиб туриш»га чақирганди.
Жоанна Ву Борис Жонсон парламент соатидаги чиқиши вақтида ХХР Тайванни куч билан эгаллаб олишга уринган тақдирда, Британия урушга кириши эҳтимолини рад этганини назарда тутиб, Тайбэй ҳеч кимдан ўзи учун урушишини сўрамаслигини айтиб ўтди.
Хитой 1949 йилдан буён айни вақтда 24 миллион киши яшайдиган Тайванни ўз таркибидаги исёнкор провинция деб ҳисоблайди ҳамда бу масалани ҳарбий йўл билан ҳал қилиш вариантини истисно этмайди. Пекиндагилар кўп марта Тайвань мустақиллик декларациясини эълон қилиши «қизил чизиқдан ўтиш» ҳисобланишини айтиб келади. Тайван президенти Цай Инвэн аввалроқ Тайван шусиз ҳам суверен давлат экани ва буни қандайдир формал актлар билан тасдиқлашга ҳожат йўқлигини билдирган.
Пайшанба куни Европарламент ЕИ давлатлари Тайван билан савдо келишувлари тузишга ҳамда унга БМТда кузатувчи мақомини беришга чақирилган резолюцияни қабул қилди.
Евродепутатлар «Хитойнинг Жанубий Хитой денгизи ва Тайван бўғозидаги шиддатли экспансив ҳаракатларидан қаттиқ хавотирдаликлари»ни билдиришган.
«Гарчи Хитой муҳим савдо ҳамкор бўлса-да, у бизнинг ҳаёт тарзимиз ва дунёдаги либерал тартибга таҳдид солувчи тизимли рақиб ҳамдир», деган Европарламентнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Ҳилде Ваутманс.
Мавзуга оид
18:15 / 21.11.2024
Австралияда 16 ёшдан кичкиналар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланади. Технологик компанияларга катта жарималар таҳдид солмоқда
18:59 / 11.11.2024
Император пингвини илк бор Австралия соҳилларига қадар сузиб борди
22:21 / 09.11.2024
Австралия пляжларида очликдан қийналган минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди
23:05 / 07.11.2024