Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда экоташаббус: 100 ёшга етган дарахтларга табиий ёдгорлик мақоми берилади
Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси дарахтлар муҳофазаси бўйича ташаббус билан чиқди. Ташаббус доирасида шаҳардаги 100 ёш атрофида бўлган дарахтлар хатловдан ўтказилди. Мутахассислар бу дарахтлар айнан 100 ёш ёки ундан катта деб таъкидлашмаяпти. Дарахтлар 80-90 йиллик бўлиши ҳам мумкин.
Экология қўмитаси Тошкент шаҳри биохилма-хиллик масалалари бўйича бўлим бошлиғи Отабек Қосимов Тошкент шаҳрида кекса ёшли дарахтлар алоҳида муҳофазага олиниши борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Мутахассисга кўра, шаҳар бўйича 100 ёш атрофида бўлган дарахтлар хатловдан ўтказилган ва электрон базага киритилиб, фотоальбом ва табиий ёдгорлик маълумотлари тайёрланган.
«Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 100 ёш атрофида бўлган ва ундан ошган дарахтларни хатлов қилиб, уларга табиий ёдгорлик мақомини бериш бўйича ишлар бошланди. Экология қўмитаси мутахассислари Ботаника боғи ва Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида кекса дарахтларни аниқлаб хатловдан ўтказган эди ва улар электрон базага киритилиб махсус фотоальбом қилинди. Ундан дарахтларга оид барча маълумотлар ўрин олган», дейди Экология қўмитаси мутахассиси Отабек Қосимов.
Ўрганишлар натижасида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Яшнобод, Миробод, Яккасарой, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида бир неча туп ёши катта дарахтлар аниқланган. Экология қўмитаси ходимлари ушбу дарахтларнинг айримларини панжара билан ўраб, дарахтлар ёши ва тури ҳақида маълумотлар ёзилган пешлавҳалар қўйиб чиққан.
Бу ташаббусни кенг кўламда амалга ошириш, яъни барча дарахтларни муҳофазага олиш, уларни аҳолига билдириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклиф киритилган. Бироқ қўмита масъулларига кўра, йил бошида киритилган таклиф бўйича шаҳар ҳокимлиги ҳануз жавоб бермаган.
Kun.uz ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва пойтахт ҳокимлиги тез орада бу масалага эътибор қаратиб, амалий ёрдам кўрсатади деб умид билдиради.
Бобур Акмалов ва Маҳмуд Солиев тайёрлади.
Мавзуга оид
09:43 / 21.02.2025
2 туп дарахт кесган фуқаро 223 та кўчат экиб берди
21:37 / 20.02.2025
“Чўллаштириш авжида” — Бухорода 1800 дан ортиқ дарахт кўчирилаётгани танқидларга сабаб бўлмоқда
10:05 / 19.02.2025
Шахсан ҳоким бош-қош: Қувасойда 300 га яқин дарахт қўпориб ташланди
16:50 / 18.02.2025