«Бизга итдек муносабатда бўлишди». Субмариналар можароси туфайли Франция ва Британия вазирлари учрашуви барбод бўлди
Француз мудофаа вазири Флоранс Парли британиялик ҳамкасби Бен Уоллес билан режалаштирилган музокараларни номаълум муддатга қолдирди. Бу Париж томонининг Австралия учун сувости кемалари етказиб бериш бўйича шартнома бекор қилинишига қарши навбатдаги намойишкорона юриш бўлди.
Ўтган ҳафтанинг шанба куни Франция Вашингтон ва Канберрадаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олганди.
15 сентябрь куни Австралия, Бирлашган Қироллик ҳамда АҚШ янги ҳарбий альянс AUKUS’ни ташкил этишди - унинг номи иштирокчи давлатларнинг бош ҳарфларидан таркиб топган. Ташкилот доирасидаги илк ташаббус Австралияни атомли сувости кемалари билан қуроллантириш учун Америка ва Британия технологияларини етказиб бериш бўйича бўлди. Натижада Австралия Франциянинг Naval Group концерни билан 2016 йилда тузилган 12та сувости кемаси етказиб бериш ҳақидаги 36,5 млрд долларлик шартномани бекор қилди - энди кемаларни уларнинг ўзи ишлаб чиқармоқчи.
Франция ташқи ишлар вазири Ив Ле Дриан бу қарорни «ортдан пичоқ уриш» ва «иттифоқчилар ўртасида йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракат» деб атади.
Британияликлар бош вазири Борис Жонсон Нью-Йоркка, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этиш учун учиши олдидан самолёт бортида туриб берган интервьюсида «француз ўртоқлар» хавотирланишига ўрин йўқлиги ва икки томонлама муносабатлар фавқулодда муҳимлигини айтиб ўтди. «Бизнинг Францияга муҳаббатимиз мустаҳкамдир», дея қўшимча қилган у.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Жеймс Клеверли BBC учун берган интервьюсида «барча муносабатларда баъзида кескин паллалар бўлиб туриши»ни айтиб ўтди, шу билан бирга «Франция билан дўстлик алалоқибат синовларга бардош бериши»га шубҳа қилмаслигини билдирди.
Унинг қўшимча қилишича, янги келишув Британ компаниясига фойда келтиради. Financial Times нашридаги мақоласида Форин-офис раҳбари Лиз Трусс ҳам шу жиҳатга эътибор қаратган ва Британия ҳамиша ўз манфаатларини қатъий ҳимоя қилишини маълум қилганди.
Австралияликлар бош вазири Скотт Моррисон якшанба куни берган интервьюсида Австралия келишув бекор қилиниши ҳақида Францияни олдиндан огоҳлантириши мажбур бўлмаганини айтди. Унинг маълум қилишича, таҳлиллар ва разведка маълумотлари Австралиянинг ўзида ишлаб чиқариладиган субмариналар белгиланган вазифаларни яхшироқ бажаришини кўрсатган.
Австралия бундан кейин ҳам ядро қуролига эгалик қила олмайди, аммо атом двигателли субмариналарга эга еттинчи давлатга айланади. Стратегик тадқиқотлар халқаро институти маълумотига кўра, АҚШда бундай кемалардан 68та бор, Россияда 29, Хитойда 12, Британияда 11, Францияда 8, Ҳиндистонда битта.
Келишув АҚШ, Британия ва Австралия киберфазо, квант технологиялари ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни ҳам назарда тутади.
Уч томонлама келишув пакти Хитойнинг ҳам жиддий танқидларига сабаб бўлди. Кузатувчилар ушбу иттифоқ биринчи навбатда ушбу мамлакатнинг Жанубий Хитой денгизида фаоллашиб, таъсир доираси кенгайтиришига қарши туриш мақсадида тузилган деб ҳисоблашмоқда.
Шимолий Корея ТИВ вакили Марказий давлат ахборот агентлиги орқали қилган чиқишида AUKUS тузилишини «Осиё-Тинч океани минтақасидаги стратегик мувозанатни бузадиган номақбул ва хавфли ҳаракат» деб атади.
«Париж аччиқ ҳақиқатни тотиб кўрди»
Ҳю Скофилд, BBC’нинг Франциядаги корреспонденти:
Бу ранж алами сўнганида французлар совуққонлик билан айрим ёқимсиз ҳақиқатларни англашлари керак бўлади.
Биринчиси: геостратегия ҳис-туйғуларга асосланмайди.
Сиз билан ёмон муносабатда бўлишганидан шикоят қилиш ва ғазабланишдан не наф? Бу ҳақиқатдан ҳам шундай.
Аммо кимдир қачон бирор мамлакат муҳим мудофаа устуворликларини кимнидир ранжитмаслик учун ўзгартирганини эшитганми? Кўриниб турибдики, австралияликлар шу вақтгача Хитой таҳдиди етарлича баҳоланмаган деб топишган ва уларни жиловлаб туриш қобилиятини мустаҳкамлашга киришган.
Улар французларнинг манфаатларини очиқчасига эътиборсиз қолдиришди, аммо иш жиддийлашганда барча шундай йўл тутади. Миллатнинг таърифларидан бири - ўз манфаатлари ҳимояси учун бирлашган одамлар гуруҳига айтилади. Ўзиникини, бегоналарникини эмас.
Албатта, баъзида миллатлар ўз манфаатларига жавоб бергани учун иттифоқларга киришади. Америкаликлар айнан шундай қилишди.
Иккинчидан. AUKUS тузилиши шуни кўрсатдики, АҚШ НАТО қиёфасидаги чарчаган бегемотга унчалик муҳтож эмас. Ва улар кимгадир абадий содиқлик сақлаб қолмоқчи эмас.
Француз голлчилари, улардан бири Эммануэль Макрон, ҳамиша ўз ватанини глобал миқёсда ҳарбий иштирокни сақлаб қолган ва ядровий жиловлаш бўйича умумий саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшган тўла мустақил держава сифатида кўришни истайди. Амалда эса улар ўзларини тўлиқлигича АҚШ бошчилигидаги блокка боғлаб қўйишганди, буни ҳам руҳан тўғри, ҳам фойдали деб топишганди.
Энди Парижда баланд овоздаги саволлар янграйди: бу бизга нима учун керак? Бунинг эвазига нима оламиз?
«Бизга мутлақо кутилмаганда зарба беришди», дейди Figaro нашрининг сиёсий шарҳловчиси Рено Жирар.
«Макрон барча жабҳаларда англосаксларга ёрдам беришга ҳаракат қилди. Америкаликларга Афғонистонда, австралияликларга Ҳинд-Тинч океани минтақасида, британларга эса мудофаа соҳасидаги ҳамкорликда. "Қаранг, биз сизларга қайғурамиз, биз ҳақиқий иттифоқчилармиз" демоқчидек эди у гўё.
Биз нафақат Байден билан, балки Трамп билан ҳам шундай йўл тутгандик. Мукофоти эса шундай бўлди. Бизга итдек муносабатда бўлишди», дея давом этади у.
Энди французлар НАТОдаги ўз ролини қайта кўриб чиқишга киришиши тайин, улар 1966 йилда де Голл даврида ташкилотдаги ҳарбий иштирокини тўхтатган ва бу фақат 2009 йил Николя Саркози даврида тикланганди. Ҳозирча бундай гаплар айтилмаяпти, яна шундай бўлиши эҳтимоли юқори. Қолаверса, Макрон икки йил муқаддам «НАТО миясининг ўлими» ҳақида гапирган ва ҳозир ҳам шундай фикрда экани турган гап.
Учинчи аччиқ ҳақиқат шундаки, Францияда ўзининг глобал ролини сақлаб қолмоқчи бўлса бошқа муқобилнинг ўзи йўқ.
Сўнгги ҳафтадаги воқеалардан олинган сабоқ шуки, Франция ёлғиз ўзи асосий стратегик шерик бўлиш учун кичиклик қилади. Хитойликлар ҳар тўрт йилда қураётган кемалар сони бугунги кунда французлар флотидаги барча кемалар сонига тенг. Шунинг учун, зарурат туғилганда, австралияликлар кичик держава билан эмас, йирик державалар билан иттифоқчиликни афзал кўрди.
Эҳтимол, французлар учун ҳозирда энг тўғри чиқиш йўли - уларнинг манфаатлари Европага қаратилганини эълон қилиш ва катта аҳоли ва ресурсларга эга ЕИ орқали дунёга таъсир кўрсатишдир.
Аммо сўнгги 30 йилда Европа Иттифоқи ичкарисидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик Чехия ва Эстониянинг жуда кичик контингентлари Францияни қўллаш учун Малига юборилиши билан кифояланди. Рено Жирарнинг фикрича, ЕИни ҳарбий куч сифатида тасаввур қилиш ғояси - ҳазилдан ортиқ эмас.
Париж нима қилиши мумкин?
Ҳақиқат қандай бўлса шундайлигича қабул қилиш. Манфаатлардан келиб чиқиб, вақтинча иттифоқлар тузишга ҳаракат қилиш, Макрон ҳам Ҳинд-Тинч океани минтақасида шунга интилмоқда. Германияни XX асрдаги комплекслардан халос бўлишга ва ўзини борича кучли давлат сифатида тутиш кераклигига ишонтириш.
Ва Британия билан муносабатларда эшикни ёпмаслик. Гарчи бугунги кунларда французлар бундай маслаҳатларга қулоқ тутиши қийин бўлса-да. Париж ва Лондон ўртасидаги муносабатлар - кўп йиллардан буён энг ёмон палласига кирди. Французлар Борис Жонсонга нафратларини яширишмаяпти, ўз навбатида Ла-Маншнинг нариги қирғоғида ҳам шундай кайфиятдаги одамлар кам эмас.
Рено Жирарнинг фикрича, яқин истиқболда Франция Британияни жазолашга ҳаракат қилади. Эҳтимол 2010 йилги Ланкастер келишувида кўзда тутилган ядро соҳасидаги махфий ҳамкорликни қисқартириш кўринишида бўлиши мумкин. Бу бошқа соҳалардаги ҳамкорликда акс этиши ҳам мумкин, масалан, Ла-Манш орқали мигрантлар оқими кириб келишига қарши курашдаги ҳамкорликда.
Аммо Бирлашган Қироллик - Европанинг кучли армияга эга ягона давлати ҳисобланади. Икки давлатни умумий ўтмиш ва тарихий тажриба бирлаштиради. Уларнинг ҳарбийлари бир-бирини ҳурмат қилади.
Француз-британ мудофаа ҳамкорлиги келажаги жуда муҳим ва назарий жиҳатдан бундан воз кечиш ҳам мумкин. Ва бу Макроннинг қаршисидан чиқадиган сўнгги ёқимсиз ҳақиқат.
Мавзуга оид
18:59 / 11.11.2024
Император пингвини илк бор Австралия соҳилларига қадар сузиб борди
22:21 / 09.11.2024
Австралия пляжларида очликдан қийналган минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди
23:05 / 07.11.2024
Австралиядаги пляждан топилган сирли шарлар таркиби маълум бўлди
19:11 / 07.11.2024