Ўзбекистон | 18:45 / 21.09.2021
7080
3 дақиқада ўқилади

«Тадбиркорларни текшириш уч баробар кўпайган, янги тартиб билан текширишлар сони камаяди» — Бизнес-омбудсман

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни камайтириш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди. Нималар ўзгаради? Бизнес-омбудсман вакили изоҳ берди.

Бизнес-омбудсман масъул ходими Жамшид Ҳасанов 21 сентябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида асоссиз текширишлар, тадбиркорлар фаолиятини текширишда янги тартиб ва у қандай ишлаши борасида гапирди.

“Тадбиркорларни текшириш 3 баробарга кўпайди”

Ҳозиргача 50 мингга яқин текширишлар ўтказилган. Шулардан 0,7 фоизи Бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда ўтказилган. Ҳар йили текширишлар сони ортиб бормоқда. Ўтган йилга нисбатан текширишлар сони 3 баробарга кўпайди.

Эслатма: Бизнес-омбудсманнинг 2021 йил 1 июлдаги маълумотларига кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳамда ноқонуний текширишлар билан алоқадор ҳолатларга энг кўп агроинспекция томонидан йўл қўйилган – 4092 ҳолат.

Бундан ташқари:

  • Солиқ идоралари – 3434;
  • Ўсимликлар карантини инспекцияси – 3073;
  • Санитария-эпидемиология хизмати – 877;
  • Бандлик ва меҳнат вазирлиги – 602;
  • Транспорт вазирлиги – 363 та қонунбузилишлар аниқланган.

“Тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби ўрнатилди, бу орқали текширишлар камаяди”

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун асоссиз текширишлар ва умуман текширишлар сони ортиб боришининг олдини олиш мақсадида мезонлар белгиланди. Энди хабардор тартибида ўтказиладиган текширишлар фақат инсон ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфи, фавқулодда вазиятлар ҳолатларидагина хабардор қилиш тартибида ўтказилади.

Бундай тартиб нима учун керак? Тадбиркорлик субъектларини текширишда 2та тартиб бор:

  • Бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда;
  • хабардор қилган ҳолда.

Бизнес вакил билан келишилган ҳолда Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар тўғрисида тегишли маълумотлар хавфни таҳлил қилиш дастури асосида тақдим этилади. Агарда у асосли деб топилса, текширишга рухсат берилади. Энди Бизнес-омбудсман иштирокисиз (шунчаки хабардор қилган ҳолда) тадбиркорни текшириш ҳолатлари аниқ белгилаб қўйилди, ҳисоб-китобимизга кўра уларнинг сони 40тадан 12тага камайтирилди.

Бу тадбиркорларни текшириш ҳолатлари камайишига олиб келади.

Шунингдек, матбуот анжуманида Адлия вазирлиги ва Бизнес-омбудсман ҳамкорлигида Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, текширишларни масофадан амалга ошириш борасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилаётгани айтилди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид