«Мактабнинг, муаллимнинг нуфузини кўтармасак, бирорта жиддий самарага эриша олмаймиз» – Шавкат Мирзиёев
Хоразм вилоятида ҳам 1-4 синф ўқувчиларига бепул тушлик бериш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Таълим, таълим, таълим! Мен бу гапни қайтаришдан чарчамайман. Таълим соҳасида мутлақо янги тизим яратамиз. Нафақат Қорақалпоғистонда, балки Хоразм вилоятида ҳам келгуси йилдан бошлаб 1-4 синф ўқувчиларига бепул тушлик беришни йўлга қўямиз. Биласизларми, бундан болалар кайфияти қанча ўзгаради? Мактабга келиш ҳам бошқача бўлади. Биттагина тухум еб, ширин чой ичиб олган боланинг вужуди тетик бўлади. Биламан, буни амалга ошириш қийин, лекин мен ўз болаларимдан ҳеч нарсани аямайман.
Таълим сифатини ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилади. Биринчидан, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 82 фоизга етказилади. Жумладан, қамров даражаси паст бўлган Ҳазорасп, Хива, Боғот, Урганч ва Янгиариқ туманларида бу кўрсаткич 100 фоизга олиб чиқилади. Бунинг учун, 104 та давлат ва 43 та хусусий, 379 та оилавий боғчалар ташкил этилади. Айниқса, булар бирорта ҳам болалар боғчаси бўлмаган 40 та маҳаллада ишга туширилади.
Иккинчидан, келгуси беш йилда 17 та янги мактаб қурилади, 248 таси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. Бунинг ҳисобига, мактаблар юкламаси 30 фоизга камаяди. Ушбу мақсадлар учун, бюджетдан 1,4 триллион сўм ажратилади. Шунингдек, 160 та мактаб спорт заллари таъмирланади. Спорт анжомлари ва чолғу асбоблари билан жиҳозлаш учун, ҳар бир мактабга йилига 10 миллион сўмдан, боғчага эса, 5 миллион сўмдан маблағ ажратиб борилади.
Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошланғич 1-4 синф мактаб ўқувчилари учун бепул тушлик бериш тизими Хоразмда ҳам жорий этилади.
Олий таълимга қабул квоталари 2,4 баробарга оширилиб, қамров даражаси 52 фоизга етказилади. Бунинг учун, техника, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳалари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган 3 та олийгоҳ ташкил этилади. Урганч давлат университети қошида Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро математика маркази ва жамғармасини ташкил этамиз. Шунингдек, вилоятдаги олийгоҳлар учун қўшимча 3,5 минг ўринли 8 та талабалар ётоқхонаси қурилади.
Тўртинчидан, АйТи соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун, Бирлашган Араб Амирлиги билан ҳамкорликда Ай-Ти кластер фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу кластер лойиҳаси доирасида Халқаро Университет, Муҳаммад ал-Хоразмий рақамли технологиялар форуми ташкил этилади. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 100 минг нафар ёшлар ўқитилиб, дунёдаги илғор Ай-Ти компанияларида ишлаш имконияти яратилади.
Шунингдек, 73 та ихтисослашган мактабга хорижий тил эгалари бўлган ўқитувчилар олиб келинади. Вилоят мактабларида 300 та замонавий компьютер синфхоналари ташкил этилиб, 15 минг нафар ёшларни АйТи-технологияларига ўқитиш ташкил этилади”, – деди президент йиғилганларга қарата.
Мавзуга оид
20:41 / 27.11.2024
Президент ҳудудларнинг инвестициявий фаоллигини янада оширишни буюрди
14:00 / 29.01.2024
Президент хорижда ЙТҲ қурбонига айланаётган мигрантлар масаласига тўхталди
13:17 / 29.01.2024
Тажриба тариқасида 5 та шаҳарда сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилинади
20:35 / 26.01.2024