Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 октябридан цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар учун фойда солиғи 15 фоизга, 2022 йил 1 январдан эса ер қаъридан фойдаланганлик солиғи 45 минг сўмдан 22 минг сўмга пасайтирилмоқда. Бу нимани англатади, нархлар қанчага пасаяди, Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш тенденциясида нима ўзгаришлар бўлади? Kun.uz саволларига “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқарма бошлиғи Ботир Хўжабеков жавоб беради.
– Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасининг пасайтирилиши нимани англатади?
– Цемент ишлаб чиқариш амалиётида аввал оҳактош портлатиб, кейин уни майдалаш орқали цемент олинади. Бир тонна оҳактош олиш учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи бор – 45 минг сўм этиб белгиланган. Бу бир тонна цементнинг 12-13 фоизини ташкил қилади. Бир тонна цемент нархи 350 - 450 минг сўм атрофида, 45 минг сўм солиқ бир тоннага ўтирса, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи цемент таннархининг 12-13 фоизини ташкил қилади. Янада оддий айтадиган бўлсак, ишлаб чиқарилаётган цемент таннархи 350-450 минг сўм атрофида бўлса, ўшанинг 45 минг сўми ер қаъридан фойдаланганлик солиғидир.
Биржада цементнинг нархи 500-550 минг сўм. 31 августда Президентнинг “Қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 52-39-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, цемент ишлаб чиқариш корхоналари учун 2021 йилнинг 1 октябридан фойда солиғини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш белгиланди. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни эса 2022 йил биринчи январдан 45 минг сўмдан 22,5 минг сўмга тушириш белгиланди. Бу нимага олиб келади? Биринчи ўринда маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган цемент таннархи 22,5 минг сўмга арзонлашади (бир тоннаси).
Сабабики, бир тонна цемент ишлаб чиқариш учун ўртача бир тонна оҳактош сарф этилади (ўртача бирга бирни ташкил этади). Демак, бу цемент корхоналарида ишлаб чиқарилаётган цемент таннархи пасайса, таклиф қилинаётган маҳсулотнинг бошланғич нархини ҳам 22,5 минг сўмга арзонлаштириш имконияти туғилади. Цемент таннархи 6-7 фоизга арзонлашади.
(Эслатма: цемент таннархининг 6-7 фоизга арзонлаши, 2022 йил бошида ер қаъридан фойдаланганлик солиғи 22,5 минг сўм бўлганда юз беради.)
– Бошқа давлатларда қандай, масалан қўшниларда?
– Бизда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 45 минг сўм бўлса, оҳактош таннархининг 150-200 фоизини ташкил этади. Бир тонна оҳактошни қазиб олиш харажати 25-30 минг сўмга тушган тақдирда, устига 45 минг сўм солиқ ўтиради. Шу сабабли бу оҳактош таннархини 150-200 фоизга оширади.

















