«Ҳокимлар бир-икки кишига уй бергани билан иш битмайди» — Ёзувчи муаммолар тизимли ҳал қилиниши кераклиги ҳақида
Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам мигрантлар изтироблари, кескин руҳ етишмайдиган ёшлар ва тақлидга мойил халқ ҳақида гапирди.
Жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари юзасидан қатор суҳбатлар уюштириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам бўлди. Суҳбатнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни эълон қилинмоқда.
— Улуғбек ака, сиз ёзувчиликдан ташқари педагогсиз. Фикримча, бугун кўпчилик ёшларда кескин руҳ етишмайди. Улар эркин фикрламайди, уларда ташкилотчилик етишмайди. Мен катта фикрлар ҳақида гапиряпман. Ҳолатнинг асл сабабларини нималарда деб ўйлайсиз?
— “Мувозанат” романида яна битта идеа майдонга ташланган. Ўша ғоя саволингизга жавоб бўлар экан. Яъни ҳар бир бола нимага қобил бўлса, ўша соҳага йўналтириб ўқитиш керак. Бухгалтер бўладиган йигит ё қиз опера айтмасин, ёки қурувчи бўладиган ёш келиб спорт соҳасига ўқишга топширмасин.
Эшитгансиз, “истеъдодсиз одам йўқ” дейишади. Бор, албатта, лекин кўпларнинг истеъдоди ўзга соҳани танлаш билан кўзга кўринмай кетади. Жамиятда жуда кўпчилик одам бир-бирларининг ўрнини эгаллаб ўтирибди. Чунки қассоб бўлиб туғилган одам врач бўлиб, туғма муҳандис патта сотувчи бўлиб ишлаяпти-да, шунинг учун.
Одамнинг бахтли яшаши учун учта муҳим нарса керак бўлади:
- Соғлиқ.
- Соҳа, касб.
- Муносиб умр йўлдош.
Адашмасам, хитой файласуфи айтган бу гапни: “Кўнглингга мос ишни топгин, кейин бир умр дам оласан”, деб. Яъни ўз соҳасини топган одамнинг иши меҳнат эмас, балки роҳатдир демоқчи у.
Шунинг учун сиз айтган руҳсиз талабалар аввало яхши ўқимаган, ҳаётга тўғри йўналтирилмаган, қолаверса, адашиб шу соҳаларга кириб қолганлардир.
Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони ташқи фактор бўлиб, ёшларни қизиқтирувчи муҳит билан боғлиқ. Хўш, уларнинг кўнглига ўт ёқиб, у ёки бу соҳага қизиқтирувчи педагоглар бизда етарлими? Мутлақо йўқ. Аввало, ўша педагогларнинг катта қисми адашиб ўқитувчилик қилиб юрибди. Бундай ўқитувчилар бола руҳига кириб, уни уйғота олади, деб ўйламайман. Иккита гапни бир-бирига қўшиб гапиролмайдиган, сўзлари оғзидан тўкилиб кетадиган одамлар маъруза ўқишади. Бу нима дегани? Нега педагогларни ўқишга қабул қилаётганда “нутқ маданияти” бўйича оғзаки имтиҳонлар олинмайди?..
Ўзи керакли таълим-тарбия олмаган ўқитувчи бошқага ҳам таълим-тарбия бера олмайди. Шулар ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.
— Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бошлаб ҳозиргача иқтисодий муаммолар билан курашмоқда. Одамлар айни шу муаммо сабаб йиллар давомида қора ишчи, мигрант деган юкни орқалаб хорижда ишлашга мажбур. Жамиятимиздаги бу муаммо балки сизни ҳам ўйлантиргандир, зиёли сифатида қийнагандир.
— Ҳа, бу ҳам бир оғриқли муаммо. Эртага отасиз ўсган болалар жамиятга аралаша бошлаганда муаммонинг каттасини кутаверинг. Бугун-ку улар муаммо яратмайдилар, кичкина ҳали. Отанинг, эркак кишининг тарбиясини олмай улғайганда ким бўлиб етишади, мана шуниси мени янада кўпроқ ўйлатади.
Ана, мартда Туркияга бўлиб ўтган бир тадбирга қатнашиш учун бордим. Йўлда ризқини териб юрган кўплаб юртдошларим билан гаплашдим. Биттаси марғилонлик экан. Уч йилда бир келдим дейди. У кетаётганда ҳомиладор бўлган хотини бу орада туғибди, бола уч ёшга кирибди. Ота борганда бола уни танимай йиғлаб қочибди. Яна камида уч йилга кетяпман дейди бояқиш.
Энди тасаввур қилинг, йиллаб отасиз қолган боланинг аҳволи нима кечади?..
Шу маънода, мени фарзанднинг ҳозиридан ҳам кўра келажаги кўпроқ ташвишга соляпти. Бу ёқда аёл шўрликнинг нима айби бор? Унинг гул ёшида ёстиғининг ярми мудом бўш. Худди эри урушга кетгандек. Аёл изтиробларининг тўловини ким қилади? Хиёнат йўлига кирса, ким кўпроқ айбдор?..
Саволлар, саволлар. Ва бу саволларни ҳозирда сиз билан биз яшаётган жамият туғиб беряпти. Демак, ўзимиздан катта раҳбарларнинг шаънига ҳамд-у сано ўқийвермасдан, аввало, шу жамиятнинг касал органларини тузатиш устида бош қотиришимиз керак экан.
Шунингдек, бу ишлар тизимли бўлиши керак. Ҳозир телевизорда ҳокимларнинг 1-2 нафар ногиронга хўжакўрсинга уй бериб қўйганини кўрсатишяпти. Йўқ, бу билан бўлмайди. Бу фақат «очко» олиш билан боғлиқ шармандали эпизодлардир.
Ишлар фақат тизимли бўлиши керак. Бу тизим шундай бўлиши керакки, қизларимиз хор бўлиб, фоҳиша бўлиб чет элларга кетмасин. Гулдек ўғилларимиз мардикор бўлиб чет элларга кетмасин. Борса ана мутахассис бўлиб, шартнома асосида борсин. Қора ишчи бўлиб эмас.
— Яқинда ўзбекистонлик ота-оналар орасида фарзандларига ўзбекча, туркийча бўлмаган исмларни қўйиш оммалашиб бораётгани ҳақида ёздингиз. Нега одамлар ўзбеклигини, ўзбеклик ғурурини унута боряпти? Шу маънода глобаллашаётган дунёда асл ўзбек сифатида қолиш йўлидаги муаммоларимиз ва чораларимиз нималар?
— Не ёзиқки, биз тақлидга мойил халқмиз. “Тақлидчилик қаердан келади? Унинг социал-психологик асослари қаерда?” деган саволларни ўйлай бошлаганимга анча бўлган. Ҳатто 24 йил олдин ёзилган “Мувозанат” романида ҳам шулар ҳақда мулоҳазалар бор эди.
Мана, қаранг: 10та ўзбек гаплашиб турган бўлса-ю орасига битта рус кирса, ҳаммаси русча гаплаша бошлайди, тўғрими? Нега? Нима учун?.. Бунинг асослари бўлиши керак-ку! Асос бизнинг сиёсий, иқтисодий, маданий, психологик аҳволимиз билан боғлиқ.
Навоий ҳам бекорга Навоий бўлгани йўқ. Унгача неча-неча улуғ ижодкорлар арабий ва форсийда ижод қилдилар. Туркий тил ҳарб тили, араб илм, форс нафис санъат тили дейилган қадимда. Хўш, нега ҳалигача ўша анъана давом этиб келяпти? (Ҳатто ундан ёмон – туркийчанинг ҳарб тили экани ҳам унутилган). Чунки биз ҳалигача кўп жиҳатдан мустақил бўлганимиз йўқ. Шунинг таъсирида сиёсий-иқтисодий жиҳатдан ўзимиздан кучлироқ миллат вакили олдида беихтиёр унинг тилида гаплаша бошлаймиз, ўзимиз ҳам билмаган ҳолда, онгостида уни ўзимиздан устун кўрамиз. Натижада ўнта бўлсак ҳам, ундан кўп бўлсак ҳам, уларнинг тилида гаплашиб, уларга тақлид қила бошлаймиз.
Ҳозир нафақат рус, инглиз, балки арабларга ҳам тақлид жуда катта миқёсларда давом этмоқда. Бундай тақлиддан халос бўлмоқ учун ўқиб-ўрганишдан ташқари, миллатимизнинг, юртимизнинг сиёсий, иқтисодий ва албатта, маданий жиҳатдан тараққий топишини таъминлашимиз керак бўлади. Бошқа чораси йўқ. Илғорларга ҳамма эргашади. Бу – қонуният.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
18:55 / 12.07.2023
«Оломон» халққа айландими? — файласуф, ёзувчи ва сиёсатшунос баҳси
21:12 / 08.06.2023
Ўзбекистон ривожланишнинг қай босқичида: иқтисодиёт, сиёсат ва таҳдидлар
21:01 / 25.02.2023
“Ахборот сиёсатимиз миллий манфаатларимизга жавоб бермайди” — фаоллар
16:24 / 24.02.2023