19:57 / 24.09.2021
9701

Оҳангарон шаҳридаги «ЛиДа металл» корхонасида кучли ёнғин содир бўлганми? - «Ўзметкомбинат» изоҳ берди

13 сентябрь куни «Ўзметкомбинат» АЖга қарашли, Оҳангарон шаҳридаги «ЛиДа металл» корхонасида кучли ёнғин содир бўлганлиги ҳақида тарқатилган маълумотлар инкор қилинди.

Фото: Ўзметкомбинат

23 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда «Иш пайти рўй берган бахтсиз ҳодиса яширилмоқдами?» номли мақола ва видео тарқатилган. Ушбу видеода 13 сентябрь куни «Ўзметкомбинат» АЖга қарашли, Оҳангарон шаҳридаги «ЛиДа металл» корхонаси металл эритиш печида кучли ёнғин содир бўлганлиги ва натижада бир неча ходим жароҳат олганлиги тўғрисида хабар берилган.

Шунингдек, видеода комбинат раҳбарияти ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани яшириб, тегишли ҳисоботга киритмаган ва рўйхатга олмаганлиги билдирилган. Жароҳатланган ходимлар ҳам маъмурият тазйиқи билан шифохонага олиб борилмай уйида даволанмоқда, деган маълумотни кўришимиз мумкин. Ушбу мақолага «Ўзметкомбинат» АЖ раҳбарияти изоҳ беришди ва тарқатилган маълумотлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдиришди.

Ушбу ҳодиса аслида 11 сентябрь куни соат 01:15 да содир бўлган. Бунга сабаб печда эритилган металлнинг кимёвий таркибидаги углерод миқдори 0,93 фоизни ташкил этгани ва бу ҳолатда углерод миқдорини камайтириш учун технологик жараёнда печга кислород юборилиши кўзда тутилади.

«Видеода тасвирланган ҳолат технологик жараёнга киради ва мазкур ҳодисада тан жароҳати олган деб айтилган Нуриддин Ҳайдаров ва бошқа ишчилар аслида ҳеч қандай тан жароҳати олмаган ва шу куннинг ўзида ишларини давом эттиришган ва бугунги кунда ҳам саломатликлари яхши» - дейилади «Ўзметкомбинат» АЖ ахборотида.

Шу ўринда ҳамюртларимизга бу каби ёлғон ахборотларга алданиб қолмасликларини ва зарурият туғилганда "Ўзметкомбинат" АЖ Матбуот хизматига мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз!

Мурожаат учун: +998901783477

«Ўзметкомбинат» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top