Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«2-3 йил маҳаллада ишлаб, ўзини кўрсатганларини келгусида ҳоким ва вазир лавозимига қўямиз» - Шавкат Мирзиёев
Наманган вилояти ривожини янги юқори тараққиёт босқичига олиб чиқиш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.
“Наманганнинг етакчи тармоқларида саноат кластерлари ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали 400 мингта янги иш ўрни яратилиб, аҳоли даромадини камида 2 бараварга ошириш ва камбағалликни ҳам 2 бараварга қисқартириш устувор вазифа бўлади. Тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 4,6 триллион сўм кредит ажратиш ҳисобига 164 минг янги иш ўринлари яратилади.
Масалан, Уйчи туманини “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантиришга тўхталиб ўтсам. Айни пайтда туманда 13 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли иш билан таъминланмаган, 12 минг оила ижтимоий ёрдамга муҳтож. Шунингдек, ҳар йили меҳнат бозорига 1 минг 700 нафар ёшлар кириб келади. Тумандаги мавжуд 56 та маҳалланинг 11 таси “қизил” ва 25 таси “сариқ” маҳалла тоифасига киради.
Бундан буён қуйи бўғинда ижрони ташкил этиш учун, тумандаги маҳаллаларга бириктириладиган “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари жорий этилади. Улар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни яратиш бўйича тизимли ишлар олиб боради. Ушбу ёрдамчилар маҳалладаги оилавий тадбиркорлик доирасида кредитларни бериш, тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш билан шуғулланадилар. Улар томорқа, бўш ер ва бинолардан самарали фойдаланишни ҳам ташкил этадилар. Уларнинг ўз “бюджети” бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш ҳамда аҳоли билан “ижтимоий шартнома” тузиш ҳуқуқи берилади.
Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт ва инвестиция идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган ғайратли ёшлар орасидан танланади. Лавозимга қўйишдан олдин, улар 2 ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади ва ишига қараб, яхши ойлик тўланади. 2-3 йил маҳаллада ишлаб, ўзини кўрсатганларини, келгусида ҳоким ва вазир лавозимларига қўямиз.
Авваламбор, туманда умумий қиймати 5 триллион сўм бўлган 658 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 9 мингта иш ўринлари ташкил этилади. Жумладан, туманда 6 та янги кичик саноат зонаси, шундан 2 таси ёшлар тадбиркорлиги зонаси ташкил этиш орқали – 3 мингта; мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳисобига – 6 мингта; қишлоқ хўжалигида – 5 минг 800 та, жумладан пахта ва ғалладан қисқарган ерларни аҳолига бериш орқали – 3,2 мингта; 160 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 42 та йўл бўйи сервис объектини қуриш, Уйчи деҳқон бозорини замонавий савдо комплексига айлантириш орқали – 2,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Ҳоким ёрдамчиларига амалий ёрдам бериш мақсадида, иқтисодий идоралар ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилади. Шу билан бирга, туманда фаолият юритаётган Халқ банки, Микрокредит ва Агробанк раҳбар ва ходимлари “пастга тушиб”, тадбиркорлар ва ўз мижозлари билан янги лойиҳалар устида “маҳаллабай” иш олиб борадилар”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
09:35 / 04.07.2026
Наманганда нарколаборатория фош этилди
20:20 / 23.06.2026
Шавкат Мирзиёев Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди
17:48 / 23.06.2026
Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича муҳим топшириқлар берди
14:38 / 23.06.2026