Мамлакатга ташрифи арафасида Анна Бьерде сўнгги беш йил мобайнида ўтказилган ислоҳотлар натижаси ва Ўзбекистонда 2030 йилгача камбағалликни икки бараварга қисқартириш, шунингдек, аҳоли даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш вазифасини амалга ошириш борасида ҳал қилиш талаб этиладиган муҳим вазифалар тўғрисида фикрлари билан ўртоқлашди.

Қайд этилишича, сўнгги беш йил мобайнида мисли кўрилмаган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни бошдан кечирган Ўзбекистон учун ҳал қилувчи пайт яқинлашмоқда.

“Бундан беш йил аввал Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш осон иш эмасди. Хорижий валюта муомаласига қўйилган чекловлар тадбиркорларнинг қўлидаги тушов эди. Ўзбекистонда валюта айирбошлаш умумий ҳажмининг деярли ярми норасмий бозорларда амалга оширилар эди.

Мамлакатнинг солиқ тизими эса иқтисодиёт гарданидаги оғир юк эди. Солиқларнинг баландлиги туфайли тадбиркорлар ўз бизнесларини ривожлантириш ёки янги иш ўринлари яратишдан манфаатдор бўлмас, ишчи кучига қўйилган юқори солиқлар сабаб ишчи ёллаш иш берувчиларга ўта қимматга тушарди. Солиқ тўлашдан қочиш кенг тарқалган ҳолат бўлиб, бюджетга келиб тушадиган солиқ ва йиғимлар тушуми кам сонли йирик компанияларга боғлиқ бўлиб қолганди.

Кучли давлат назорати бизнес имкониятларини чеклаб келган. Тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашдаги мураккаб талаблар бозордаги рақобатнинг ривожланиши ва ишлаб чиқариш-таъминот занжирининг тўлақонли фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилган. Чегарадаги узоқ муддатли ушланиб қолишлар тадбиркорлар учун харажатларнинг ошишига ва қимматбаҳо мева-сабзавот маҳсулотларининг истеъмолга яроқсиз ҳолга келишига олиб келган.

Ушбу чекловлар нафақат маҳаллий тадбиркорларнинг харажатлари ошишига олиб келган, улар, шу билан бирга, самарадорликни пасайтириб, коррупцияга кенг йўл очган. Бу ҳол мамлакатда расмий тадбиркорликдаги рақобатбардошликка путур етказар ва яширин иқтисодиётнинг ривожланишига туртки берарди.

Беш йил аввал мамлакатдаги вазият шундай эди. Бугунги кунда тадбиркорлик шароитлари анча яхшиланди”, дейди Анна Бьерде.

Таъкидланишича, хорижий валюта билан муомала қилиш бугунги кунда муаммо эмас.

“Гарчи норасмий бозорлар бутунлай йўқолиб кетган бўлмаса-да, банк ва “бозор” курси камдан кам ҳолларда фарқ қилади. Эндиликда деярли ҳеч ким норасмий бозор хизматларидан фойдаланмай қўйди.