Ўзбекистон | 19:21 / 29.09.2021
27145
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддатини узайтириш таклиф этилмоқда

Амалдаги тартибга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси 2021 йилнинг 31 декабригача янгисига алмаштирилиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддатини тоифалаштирилган тарзда узайтиришни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Ҳужжат Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган. Қарорга кўра, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган.

Муддат тобора кам қолаётгани ортидан сўнгги кунларда давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ташриф буюрувчи фуқаролар оқими ошган, бу эса узун навбатлар ҳосил бўлишига сабаб бўлаётган эди. 

Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, бугунги кунда 5 793 000 нафар ҳайдовчиларнинг 3,6 миллион нафари ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирган. 2 миллиондан ортиқ ҳайдовчи эса ҳали бунга улгургани йўқ. Аммо эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг барчасини жорий якунига қадар алмаштиришнинг жисмонан ва техник жиҳатдан имкони йўқ. Чунки ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда бир ойда 200 минг донагача ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш мумкин.

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддатини уч ойдан бир йилгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Бу орқали аҳолида алмаштирилмасдан қолаётган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш ҳажмини йил давомида бир маромда тақсимлаш, уларнинг йил якунида алмаштириш жойларида тўпланиб қолишларининг олдини олиш мақсад қилинган.

Таъкидланишича, мазкур қарор лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб этмайди.

Мавзуга оид