Ўзбекистон | 19:10 / 04.10.2021
17613
4 дақиқада ўқилади

“Айни ойлик ва аванс пайти UzASBO ишламайди” – Бюджет ташкилотлари ҳисобчилари дастурдан норози бўлишмоқда

Kun.uz’га мурожаат қилган бир қанча давлат ташкилотлари ҳисобчилари ходимларга ойлик иш ҳақи ва аванс тўлаш пайтида Молия вазирлигининг UzASBO дастури ишламай қолиши, бунинг натижасида маошлар кечикиши борасида гапириб беришди. Улар муаммо узоқ вақтдан буён ечимини топмаётганидан норози бўлишмоқда.

Фото: KUN.UZ

Ҳар ойда шу бўлар такрор, ҳар ой ҳам шундай ўтади…

Kun.uz’га мурожаат қилган ва шахси сир сақланишини сўраган бюджет ташкилотлари ҳисобчилари ҳар ой UzASBO’даги техник носозликлардан азият чекишини маълум қилишган. Улардан бир нечтасини келтириб ўтамиз.

Бюджет ташкилот ҳисобчилари номидан сизларга ёзяпман. Ўзим Бухорода давлат ташкилотида ҳисобчиман. Биз давлат ташкилоти бўлганимиз учун UzASBO дастурида ходимларнинг ойлик маошларини ҳисоблаймиз. Лекин 1 йилдан буён ҳар ой бир хил муаммо бизни қийнайди. Айнан ойнинг 15 санаси, яъни аванс вақтида ва ойнинг охири 30–31 санаси ҳамда кейинги кунларда ойлик иш ҳақларини ҳисоблаётган пайтимизда UzASBO дастури умуман ишламай қолади. Шу сабабли кунма-кун ойлигини кутадиган оддий ходимларнинг иш ҳақларини ҳисоблаш, тўлаш кечикади. Мана бу ой ҳам 4 октябр санаси етиб келди ҳамки дастур умуман ишламаяпти, натижада иш ҳақлари кечиқмоқда.

Яна бир мурожаатчи бухоролик ҳисобчининг фикрларини такрорлайди.

“Серверлар ўтган йилнинг бошида алмаштирилганди. Шундан бери ҳар ой аванс ва иш ҳақи пайти UzASBO муаммоси бизни қийнайди. Техник носозлик сабаб куни билан шу дастурга тикилиб ўтирамиз, қачон ишларкан деб”, дейди мурожаатчи.

Бугун, 4 октябр куни UzASBO бўйича телеграмдаги саволлар гуруҳида ҳисобчилар фақат шу масала бўйича мурожаат қолдиришган.

Яна бир ҳисобчи айни шу гуруҳда UzASBO мутахассислари 2021 йил май ойида серверлар ўзгартирилишини, шундан кейин дастурда муаммо юзага келмаслигини айтишгани ҳақида гапирди. Аммо мулоқотдан тушуниш мумкинки, серверлар ўзгартирилмаган.

Молия вазирлиги масъулининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳар ойнинг 1–5 саналарида ҳаммага ойлик ҳисоблаб тушгунича ҳамда 14–16 саналарда аванс тушгунча бироз техник носозлик бўлади. “Чунки бу пайтда бутун Республика бўйича жараён кетгани учун дастурга босим бўлади”, – дея ҳолатни изоҳлади Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Молия вазирлиги матбуот хизмати техник муаммолар кузатилганига қарамай, дастур ишлашда давом этаётганини таъкидлади. Kun.uz’га мурожаат қилган ҳисобчилар эса соат 18 га яқинлашганига қарамай дастур ишламаётганини айтишди.

“Бу кетишда сентябрь ойи учун ходимларнинг иш ҳақи октябрнинг 6-7-санасигача кечикиши ҳам ҳеч гап эмас. Лекин шунча пайтдан бери бўлаётган эътирозларга қарамай, ҳар ойда шу муаммо такрорланаверади. UzASBO масъуллари ҳисобчиларнинг эътирозларидан кейин гуруҳда ёзиш имкониятини чеклаб қўйишди. Лекин бу билан муаммо ҳал бўлиб қолгани йўқ. Дастурни бошидан такомиллаштириш керак”, – дейди яна бир ҳисобчи.

Бутун дунё рақамлашаётган бир пайтда битта дастур “кичкина техник носозлик” туфайли ҳар ой ишламай қолиши масъулларни ўйлантириши шарт бўлган масала эмасми?

Маълумот учун, ушбу дастур Молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотлари бухгалтерия ҳисобини юритувчи дастурий мажмуа сифатида 2011 йилда фойдаланишга топширилган.

Мавзуга оид