Таҳририятга келиб тушган навбатдаги мурожаатда республикадаги бюджет, хусусан таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақини ҳисоблашда фойдаланиладиган «UzASBO» электрон дастуридаги камчиликлар ҳақида сўз юритилади. Мазкур мурожаатни айрим тузатишлар билан кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик.
Бир неча йилдан буён ўқитувчилар ойлигини Молия вазирлигининг ўта марказлаштирилган ва тизимлаштирилган дастури — «UzASBO» ҳисоблаб бериб келади. Бу дастур бухгалтерларнинг ҳам ишини осонлаштирган, ўқитувчининг ҳар бир қилган ишини, иш ҳажмларини киритади, умумреспублика бўйича бир хил ҳисобланган шаблон асосида сизга ойлигингизни келтириб чиқариб беради.
«Менинг ойлигим кам чиқибди», деб ўйласангиз, бунда қайсидир иш кунингиз «қирқилган» бўлади ёки бухгалтер адашиб ёхуд атай киритмай қолган бўлади, холос. Хуллас дастурга ортиқча эътироз йўқ, тўғри ҳисоблайди, деб ўйлар эдим.
Эдим, дейишимнинг боиси — яқинда ойлик иш ҳақим ҳақида маълумот олиш вақтида бир жиҳат эътиборимни тортди. Айтмоқчи бўлганимни ўқитувчилар осонгина тушунади, қолганларга қисқача тушунтириб ўтиб кетаман.
Агарда бирор педагог асосий ишчи эмас, ўриндошлик асосида дарс бериб юрса ёки ўқитувчи касал бўлиб қолибми ёки бирор-бир ўқиш билан дарсини ўтолмайдиган бўлса, унинг дарсларини директор ёзма буйруғи билан бошқа бир педагог қўшимча дарс қилиб ўтиб турса, шу пайтгача бу қўшимча соатларга фақат ўқув тарбия жараёнига доир, яъни асосий дарс соатининг 80 фоиз қисми миқдорида ойлик тўланар эди. Ўқув тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнларига, яъни иш юкламаси учун ажратилган сумма қўшиб берилмас эди. Ўқитувчи ўриндош бўлиб бир йил дарс ўтса, иш ҳақини ҳисоблаш бир йил давомида шундай, 80 фоизлик тўлов асосида кетарди.
Масалан, менинг асосий дарс соатим 10 соат бўлган ҳолда, ҳамкасбим бирор сабаб билан бир ҳафта ишга келмаса унинг 12 соат дарсини ўзимнинг асосий ишимга қўшимча қилиб дарсини ўтадиган бўлсам, у ҳолда ўзимнинг 10 соатимга ҳар бир соатига 1 бирлик ойлик ёзилса, шеригимнинг 12 соат дарсининг ҳар бир соатига 0,8 бирлик ойлик ҳисоблаб, ёзиб берилади. Ваҳоланки, мен ўша дарсни ҳам ўзимнинг дарсим қатори тенг энергия сарфлайман, дарсдан ташқари қўшимча машғулотини ҳам ўтаман. Бу ҳол доим мени ажаблантирар эди.
Лекин шу саволга Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 27 июлдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарорида алоҳида эътибор берилган.






